Пенсия ва нафақаларни банк карталарига мажбуран ўтказилаётганлиги ҳақидаги хабарга изоҳ берилди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси пенсия ва нафақа олувчиларни банк карталарига мажбуран ўтказилаётганлиги бўйича ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди (https://t.me/PensionFundRUz/5083).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2753-сон Қарорига мувофиқ барча турдаги пенсия ва нафақа тўловлари нақд шаклда берилади ёки фуқароларнинг розилиги асосида банк картасига ўтказилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ, пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштириш жорий этилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақа олувчи фуқароларни банк карталарига мажбуран ўтказиш тўғрисидаги хабарлар асоссиз бўлиб, барча ҳаракатлар фуқароларнинг хоҳиш истаклари ва розилиги асосида амалга ошириб келинмоқда.