Пентагон Украинага ҳарбий куч юбориши маълум қилинди, фақат ҳарбий ҳаракатлар эмас, эвакуацияга кўмаклашиш учун

Пентагон эвакуацияга ёрдам мақсадида АҚШнинг Европадаги қўшимча кучлари Украинага юборилиши мумкинлигини инкор этмади, деди кеча, 2 январь куни бўлиб ўтган брифингда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.

"Бизнинг кучларимиз ҳар хил вазифаларни бажаришга қодир ва улар турли вазиятларга тайёр бўлади", деди Кирби Европага кетаётган АҚШ ҳарбийлари эвакуацияда иштирок этиши мумкинми, деган саволга. Пентагон матбуот котиби америкалик ҳарбийлар Украинадаги ҳарбий амалиётларда иштирок этмаслигини таъкидлади, бироқ уларнинг миссияси ва ҳарбийларни Европага жўнатиш муддатлари ҳақида батафсил маълумот беришдан бош тортди.

Киев ва Ғарб давлатлари сўнгги пайтларда Россиянинг Украина чегаралари яқинида “тажовузкор ҳаракатлари” кучайганидан хавотир билдирмоқда. Москва бу каби айбловларни қайта-қайта рад этиб, ҳеч кимга таҳдид қилмаслиги ва ҳужум қилиш нияти йўқлиги, “Россия агрессияси” ҳақидаги даъволар Россия чегаралари яқинида кўпроқ НАТО ҳарбий техникасини жойлаштириш учун баҳона сифатида фойдаланилаётганини айтди. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарбнинг “Россия тажовузкорлиги” ва Киевга ундан ҳимояланишда ёрдам бериш имконияти ҳақидаги баёнотлари ҳам кулгили, ҳам хавфли эканлигини таъкидлаган эди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия қўшинларини ўз ҳудудида ва ўз хоҳишига биноан олиб ўтмоқда. Бу ҳеч кимга таҳдид эмас ва ҳеч кимни ташвишга солмаслиги керак.