Пинҳона иш
Уззукун ишдаман. Якшанбани айтмаганда, деярли ҳар кун иш. Шу куни ҳам ҳордиқ чиқаришнинг иложи бўлмайди. Шунинг учун бирор жойга боришнинг эвини топиш ҳам амримаҳол.
Икки эшик нарида яшайдиган қўшним хасталаниб, касалхонага тушиб қолди. Кўзга яқин одам. Баъзан ишимиз тушиб туради. Ҳол сўраб бормасам уят бўлар деб олдига ўтишни кўнгилга туггандим. «Эрта бораман-индин бораман», деб неча кунни совуриб юборганимни сезмай қолибман. Қўшним тузалиб чиқди. Уйига қайтди. Ана энди мен хижолатда қолдим. Қўшним келган куннинг эртасига хотинимга ош дамлашни буюрдим. Ишдан сал эрта келиб, ўтишни ният қилгандим. Буни қаранг, шу куни кечга яқин бошлиғимиз ишхонадаги ҳамма ходимларни йиғиб, мажлис ўтказса бўладими? Орада хотиним икки-уч бор қўнғироқ қилиб, ош пишиб, ланж бўлаётганини айтди. Бир соатга мўлжалланган мажлис нақ икки соат давом этди. Роса асабийлашдим. Уйга келганимда соат саккизга яқинлашганди. Бу пайт бировнинг уйига бориш ҳам малол келади. Шу баҳона билан қўшнимнинг уйига ўта олмадим.
Қолган кунлари ҳам иш кечга қадар чўзилиб кетаверди. Мўлжалда биргина якшанба қолганди. Орада мояни олдим. Бозорликни қуюқ қилиб, дам олиш куни кундузи ўтишни режа қилдим.
Якшанба куни эрта уйғониб, бозорга бориб келдим. Уйда ҳам сабзавотлар, мева-чева, гўшт қолмаган экан. Икки елимхалтани тўлдириб келдим. Хотиним дўлма пиширишга тараддудланди. Овқат пишгач, чиройли қилиб товоққа сузди. Устига иккита нонни бостириб, яна бир халтачада мева-чева олиб, шу пайтгача хабар олишга вақт тополмаганим - қўшнимнинг уйига кириб бордим. Бахтимга уйда экан.
- Узр, ака, ҳеч мавридини тополмадим, -дедим салом-аликдан сўнг. Бир пас ўтиб, хотини кириб келди. Олдимга дастурхон ёзиб, устини ноз-неъмату ширинликлар билан тўлдириб ташлади.
Қўшним билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, ярим соат вақтни ўтказдим. Ишим борлигини айтиб, ўрнимдан қўзғалдим. У мени эшиккача кузатиб қўйди. Дарвоза олдига яқинлашганда эса шундай деди:
- Келганингиз учун раҳмат, қўшни. Вақтида бормаганингиз учун ҳеч хижолат бўлманг. Вақти бемалол бўла туриб, бир хабар олишга ярамаган қариндошлардан ўпка-гина қилсам бўлади. Ундан кейин, барака топсин, келин (у хотинимни назарда тутди), уч кун аввал бир товоқ ош кўтариб келганди.
Мен ишхонада мажлис бўлган кунни эсладим. Хотинимнинг менга икки-уч бор қўнғироқ қилганини ҳам. Аммо бу ҳақида у лом-мим демаганди.
Яхши ишларни пинҳона қиладиганларга ҳавасим келди шу тоб.
Умид АЛИ.