Покистон жанубида иккита поезд тўқнашиши оқибатида 36 киши ҳалок бўлди

Бугун, 7 июнь куни Покистон жанубида икки поезд тўқнашиб кетди. Оқибатда камида 36 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий ARY News хабар бермоқда.

Телеканал маълумотига кўра, иккита тезюрар поезд Синд вилоятининг Готка шаҳри яқинидаги темир йўл станциялари ўртасида тўқнашган. Темир йўл вакили айтганидек, битта рельсдан чиқиб кетган поездга иккинчиси урилган.

Шу билан бирга, воқеа содир бўлган Готка шаҳар комиссари ўринбосари Усмон Абдулланинг сўзларига кўра, тўқнашув натижасида 14 га яқин вагон ағдарилган, 6-8 таси "бутунлай вайрон бўлган".

"Қурбонлар сони кескин кўпайиши мумкин, чунки автоҳалокатдан бир неча соат ўтганига қарамай, қутқарувчилар кира олмайдиган ёпилиб қолган вагонларда тахминан 25 киши бор", деди телеканалга Усмон Абдулла.