Пресс-тур: Самарқандда «Уста-шогирд» анъанаси қандай йўлга қўйилган?

"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси ташкил этган пресс-турда шу саволга жавоб олинди.

Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар дастлаб Самарқанд шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида фаолият юритаётган ёғоч ўймакори Мансур Асадов устахонасида бўлиб, бу ердаги иш жараёнлар билан танишди.

Оддий ёғочдан бежирим буюмлар ясаётган ҳунарманд ва «Уста-шогирд» анъанаси асосида ушбу ҳунар сирларини ўрганаётган ёшлар иши пресс-тур иштирокчиларининг эътиборини тортди.

- Айни кунда устахонамизда 12 нафар шогирдларим ёғоч ўймакорлигининг 10 дан ортиқ тури бўйича маҳсулотлар ясаяпти, - дейди тажрибали ҳунарманд Мансур Асадов. – Шогирдларимнинг “Уста-шогирд” анъанаси асосида ясаётган хонтахта, шахмат доскаси, айвон, эшик каби ёғоч ўймакорлиги маҳсулотларига кўпчилик ҳозирданоқ харидор. Ҳатто улар шу ернинг ўзида сайёҳларга маҳорат дарслари ҳам ўтмоқда.

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимовнинг таъкидлашича, айни кунда уюшмага 2800 нафардан зиёд ҳунарманд аъзо. Уларнинг шогирдлари эса 4700 нафардан кўп. Уюшмада 181 нафар ҳунармандчилик билан шуғулланаётган турли миллат вакиллари ҳам бўлиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида уларга 215 нафардан ортиқ ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли ҳамда ҳунармандчиликка қизиқувчи фуқаролар бириктирилган.