Президент фикрларини халқимизга содда тилда етказиш зарур
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари қирқинчи сессияси ўтказилди.
Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига жавоблари асосида тайёрланган “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” номли суҳбатнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари – Р.Холмуродов, Ф.Тошев, шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев ва бошқалар мазкур интервьюда баён этилган фикрлар ва уни кенг халқ оммасига етказишда депутатлар, фаоллар олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритдилар.
– Давлатимиз раҳбари ушбу интервью орқали Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар моҳиятини, ўз халқи ва Ватанига бўлган муҳаббатини, имкониятлар салоҳиятини, амалий ишлар жараёнини жуда халқона ва самимий тарзда ифодалаган, – деди Э.Турдимов. – Шунингдек, бугунги кун талабидан келиб чиқиб олдимизда турган устувор вазифалар белгилаб берилган. Буни ҳар бир юртдошимиз юракдан ҳис қилиб ўқиши, хулоса чиқариши ва зиммасидаги вазифаларни бажаришга астойдил киришмоғи лозим. Бунда депутатларимиз, раҳбарлар фаол бўлиши, халқимизга намуна бўлиб, суҳбатда баён этилган фикрларни пухта англаши ва уни одамларга тушунтириши зарур.