Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига кириш имтиҳонлари қачон ва қай тартибда бўлади?  

Бугунги кунда ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият кўрсатмоқда.

Шундан, вилоятда 1 та Президент мактаби, 1 та Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиали ҳамда 16 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари мавжуд.

- 2024-2025-ўқув йили учун агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни тасдиқланди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Жавлонбек Муяссаров. - Унга кўра, ўқувчиларнинг ҳужжатлари онлайн шаклда қабул қилинади, ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1-20 июнь кунлари бўлиб ўтади. Кириш имтиҳонлари июль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

 Президент мактаби ва ихтисослаштирилган мактабларга қанча ўқувчи қабул қилинади?

Жорий йилда Самарқанд шаҳар Президент мактабининг 5-синфига белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида 24 нафар ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг 5-синфи (аниқ фанлар йўналиши)га ва 7-синфи (табиий фанлар йўналиши)га 1032 нафар ўқувчи қабул қилинади. Бундан ташқари, вилоятдаги 14 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг 313 та бўш ўринларини ўқувчилар билан тўлдириш мақсадида қабул эълон қилинди.

Тизимдаги мактабларга ўқувчиларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан ҳужжатлар онлайн шаклда агентликнинг расмий ariza.piima.uz веб-сайти орқали қабул қилинади.

Ҳужжат топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади.

Бунда, Президент мактаби кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ўқишга кира олмаган ўқувчилар ҳудуддаги ўзи танлаган ихтисослаштирилган мактабга белгиланган квота доирасида, тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади.

Шунингдек, рўйхати агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида математика, информатика, физика, кимё, биология фанларидан ғолиб ва совриндор бўлиб, 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади.

4-синфни тамомлаган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳудудидаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига ҳужжат топширишлари мумкин. Шунингдек, 6-синфни тамомлаган ўқувчилар ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатининг табиий фанлар йўналишига, Мирзо Улуғбек номидаги ёки Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топширишлари мумкин.

Жорий ўқув йилида вилоятимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиали ташкил этилди. Ушбу мактабга 2024-2025 ўқув йили учун фақат шу ҳудудда истиқомат қилувчи талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.

 Президент мактабларига кимлар ҳужжат топшира олади?

Президент мактабларига умумий ўрта таълим муассасаларининг
4-синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли, баҳолар табели асосида математика ва табиатшунослик фанларидан ўқув йилини аъло, яъни 5 баҳоларга тамомлаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.

Ижод, ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топшириш жараёнида баҳолар табелида аъло баҳоларнинг бўлиши талаб этилмайди.

Имтиҳонлар неча босқичда ва қайси фанлардан бўлади?

Президент мактабларининг кириш имтиҳонлари икки босқичда бўлиб, биринчи босқичда математика фанидан 30 та тест топширади. Биринчи босқич натижасига кўра, максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади. Иккинчи босқич танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш шарти бўйича 40 та, инглиз тили фанидан 40 та тест шаклида ўтказилади.

Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари йўналишлар бўйича бир босқичда бўлиб, аниқ фанлар йўналишига математика ва инглиз тили фанларидан, табиий фанлар йўналишига табиий фанлар (science) ва инглиз тили фанларидан тест шаклида ўтказилади.

 Натижалар қачон эълон қилинади?

Президент мактабларида биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 Саволларга “Мурожаатлар маркази” (call-center) жавоб беради

Бу борада ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ҳамда ҳудудлардаги барча Президент мактабларида ҳар куни соат 9:00 дан 19:00 гача ишлайдиган “Мурожаатлар маркази” (call-center) фаолияти йўлга қўйилди. Фуқаролар мурожаатлар маркази билан 1206 қисқа рақами орқали боғланишлари мумкин. Бундан ташқари, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида агентлик тизимидаги барча мактабларда малакали мутахассислардан иборат штаб ташкил этилган бўлиб, ушбу штабларга мурожаат қилган ота-оналар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишади ҳамда фарзандининг ҳужжатларини онлайн шаклда жўнатиб беришга кўмаклашади.

Хуршида Эрназарова ёзиб олди.