Президент нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда Президент бугунги кундаги яна бир долзарб масалага тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмлари жорий этилди.
15 октябрдан бошлаб ун ва буғдойнинг нархлари эркинлаштирилди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир нафақа олувчига ойига 50 минг сўмдан компенсация тўланмоқда.
Қолипли нон билан кафолатли таъминлаш учун етарли ресурс захираси яратилиб, ун ишлаб чикаришнинг ойлик ҳажми мамлакатимизда 122 мингдан 142 минг тоннага оширилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 1 килограмм ун биржада 2300-2400 сўмдан сотилаётган бўлса, чакана савдода қолипли нон нархи 1500-1700 сўмни ташкил қилмоқда.
Йиғилишда айрим вилоятларда ноннинг нархи нисбатан юқорилигича қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун, Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиқиб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига унни биржа савдосида сотилишидан бошлаб, нонни чакана савдода сотилишигача бўлган жараённи ҳар куни таҳлил қилиб, аҳолининг нонга бўлган кунлик эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб бориш бўйича вазифалар юклатилди.
Жойларда нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш юзасидан барча имкониятларни қўллаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига компенсация пулларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, тоғли ва олис ҳудудларда қиш мавсумига ун ва бошқа озиқ-овқат захираси яратиш лозимлиги қайд этилди.