Президент: Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади

Президент музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинишини эълон қилди.

Инновацион технологиялар асосида Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг замонавий янги бинолари барпо этилади, Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади, - деди Ш.Мирзиёев. - Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Бугунги кунга қадар хорижий реставраторлар билан бирга 238 та маданий бойлик реставрация қилинди.

Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифалари ҳам консервация ва реставрация қилинади.
18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. Шунингдек, Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади, “Буюк ипак йўли” музейи барпо этилади ва Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади.