Президент сайлови: Бу жараёнда кузатувчиларнинг ўрни, вазифаси, бурчлари қандай?
Президент сайловини қонуний ва адолатли ўтказиш катта тайёргарлик ва жиддий масъулликни талаб этади. Сайлов жараёнини самарали ташкил этиш ва ўтказишда бир томондан кенг жамоатчилик билан бирга сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, иккинчи томондан сайлов кампаниясини қонуний ўтказилишига масъул органлар, яъни сайлов комиссияларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
Сайлов жараёнларининг бориши кенг аҳоли эътиборига қандай усул ва воситалар орқали етказилиши ғоят муҳим аҳамият касб этади. Сайлов жараёнларининг ошкоралигини таъминлаш сайловни қонун талаблари доирасида ташкил этиш ва ўтказишда муҳим омиллардан бири бўлиб, шубҳасиз, унга сайлов жараёнлари устидан ўрнатилган жамоат назорати орқали эришилади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.
Кузатувнинг мақсади - биринчидан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, иккинчидан, сайлов жараёнларининг барча босқичларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашдан иборат.
Сайлов комиссиялари кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин.
Кузатувчиларга нималар тақиқланади:
- сайловчи бюллетенга белги қўяётган пайтда овоз бериш хонасида бўлиш;
- фуқароларга таъсир ўтказиш, ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
- сайловчилардан қандай овоз берганлигини суриштириш;
- сайловчиларга бюллетенига белги қўйишда бирон тарзда ёрдам кўрсатиш;
- сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан сайлов қутиларини муҳрлаш, очиш, овозларни санаб чиқишга аралашиш.
Халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши
Мамлакатимизда сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг Марказий сайлов комиссияси хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин. Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек бундай истакни изҳор этган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фотосуратлари ва анкеталарни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.
Халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнидаги мажбуриятлари
Ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига амал қилиш;
сайлов устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш, сайлов комиссиялари, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиш;
барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида МСК томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш;
ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослантириш.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:
- сайловчи бюллетенга белги қўяётган пайтда овоз бериш хонасида бўлиш;
- фуқароларга таъсир ўтказиш, ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
- сайловчилардан қандай овоз берганлигини суриштириш;
- сайловчиларга бюллетенига белги қўйишда бирон тарзда ёрдам кўрсатиш;
- сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан сайлов қутиларини муҳрлаш, очиш, овозларни санаб чиқишга аралашиш;
- бирор партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш;
- сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
Сиёсий партияларнинг вакиллари ва ОАВ вакилларининг сайловдаги иштироки
Сиёсий партиялар сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли. У вакиллар шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.
ОАВ вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.
Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.
Президент сайлови халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат қуриш, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш борасидаги хоҳиш-истагини рўёбга чиқариш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлиб қолади.
Олим Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи ўринбосари.