Президент сайловини ўтказишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Йўриқнома тасдиқланди

Йўриқномага мувофиқ:

● Сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари: ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр; ҳимоя ниқоби; бир марталик тиббий қўлқоп (сайлов комиссияси аъзолари учун); антисептик суюқлик (санитайзер) каби ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланишлари талаб этилади.

● Сайлов жараёни иштирокчилари ҳимоя ниқобидан фойдаланиши; қўл бериб саломлашиш ёки тўғридан-тўғри контактга киришишнинг бошқа шаклларидан сақланиши; ижтимоий масофага риоя қилиши лозим. Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим.

● Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга бириктирилган тиббиёт ходими сайлов комиссиялари биноларининг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчайди, антисептик восита билан қўлларини дезинфекция қилади ва ҳимоя ниқобида бўлишини назорат қилади, заруратига кўра ҳимоя ниқоби беради.

● Участка сайлов комиссиялари аъзолари иш фаолиятини амалга оширишида шахсий ҳимоя воситалари (ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар)дан фойдаланишлари шарт.

●Сайлов куни овоз бериш бошланишидан камида 6 соат олдин барча участка сайлов комиссияларининг овоз бериш бинолари ва хоналари дезинфекция қилинади.

● Сайлов участкаси «қизил» ёки «сариқ» ҳудудга тўғри келган тақдирда комиссия аъзолари иш фаолияти давомида мажбурий фойдаланиши учун ҳимоя воситалари билан таъминланади. Унга кўра, тааллуқлилиги бўйича: махсус комбинезон, халат; нафас олиш тизимини ҳимоя қилиш учун — тиббий ниқоб; кўриш аъзоларини ҳимоя қилиш учун — юз учун пластмассали ниқоб; қўлларни ҳимоя қилиш учун — тиббий қўлқоп; қўл ва юз терисини дезинфекцияловчи воситалар, эритмалар, таркибида хлор ва спирт бўлган маҳсулотлар.

● Сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган тақдирда улар овоз бериш хонасига киритилмайди. Бунда, тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган сайловчилар учун алоҳида ажратилган жойларда (бинонинг кириш қисми ва бошқалар) икки нафар участка сайлов комиссияси аъзоси ҳозирлигида кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади.