Президентликка номзоднинг ишончли вакили булунғурлик сайловчилар билан учрашди

Булунғур туманида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова булунғурлик фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда дастлаб ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Тўпланганлар номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган мактабгача таълимга болаларни 2 ёшдан қабул қилиш, мактабгача таълимни тўлиқ бепул қилишни йўлга қўйиш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш, аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли, камхарж ёшларни давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтариш учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш, “Озиқ-овқат хавфсизлиги – 2030” дастурини жорий этиш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларини қўллаб-қувватладилар.

Тарғибот тадбирида маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, таълим соҳаси вакиллари ҳамда партиянинг фаол ёшлари сўз олиб, номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Улар ҳам “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурда таълимнинг барча йўналишлари, бу мактабгача, умумий ўрта таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизими, илм-фан, халқаро муносабатлар юзасидан кўтариб чиқилаётган аниқ таклифлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда, қулайликлар яратилишида хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Азиз Ҳайитов,

“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши бош мутахассиси.