Прокуратура ходимлари жиноят устида қўлга олинди
ДХХ ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Андижон ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларида туман прокурор ўринбосари ва икки нафар прокурор ёрдамчиси пора олаётганда қўлга олинди.
Жумладан, Андижон вилояти Хўжаобод туман прокуратураси терговчиси туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 228-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва тергов ҳаракатлари давомида енгиллик яратиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда терговчи сўралган пул маблағини умумий овқатланиш масканида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёнида терговчига ушбу пулларни олиш бўйича кўрсатмани туман прокурори ўринбосари берганлиги тўлиқ исботланиб, у ҳам қамоққа олинди.
Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Паст Дарғом тумани прокурори ёрдамчиси туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят ишида айбланувчи сифатида ўтаётган фуқарога нисбатан суд жараёнида енгиллик қилиш ва суд идораларида ишловчи танишлари орқали қамоқдан чиқариш эвазига, унинг қариндошларидан 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, прокурор ёрдамчиси сўралган пул маблағидан 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.