Пулни “супуриб” олаётган қишлоқ
Супурги сотиб машина ёки уй олса бўладими? Агар уни хорижга экспорт қилса-чи? Супурги тайёрловчиларнинг қўл остида ўнлаб одамлар ишлашини биласизми?
Бу фактларга ишониш қийин. Сабаби, биз супургичиларни маҳаллаларни оралаб харидор қидирадиган косиб сифатида тасаввур қиламиз. Уларнинг яшаш тарзи, касби, даромади, режалари ҳақида деярли ҳеч нима билмаймиз. Аслида эса...
Супургичилар қишлоғи билан танишув
Пайариқ туманининг марказидан 25 километр узоқликда жойлашган Тўполос маҳалласидамиз. Беш қишлоқни ўз ичига олган маҳаллада 4 минг 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қизиқ томони, бутун вилоятга сотиладиган уй супургилари шу ерда, аниқроғи, ундаги Қозоқхўжа қишлоғининг тадбирли аҳолиси томонидан тайёрланар экан. 152 та хонадон, улардаги 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг деярли барчаси супурги бизнеси билан машғул.
Жараён билан танишишдан олдин ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, аҳолининг турмуш тарзи, машғулотларига қизиқдик. Тўполос маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ойбек Алиқуловнинг айтишича, маҳалла ҳудуди деҳқончилик ва чорвачиликка мослашган экан. Шу боис ҳудудни ривожлантириш драйвери сифатида деҳқончилик белгиланган. Бу ерда асосан полиз экинлари, хусусан, мош, ловия ҳамда помидор етиштирилади.
- Бу аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишига тўсиқ бўла олмайди, - дейди О.Алиқулов. - Мисол учун, ўтган йили 55 нафар фуқарога тадбиркорликни йўлга қўйиши, даромад келтирадиган ишни бошлаб, ўзини ўзи банд қилиши учун 1 миллиард 84 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит ажратилди. Бу сармоянинг асосий қисми қишлоқларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилди. Натижада ҳудудларда сартарошхона, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо дўконларининг сони ортиб, аҳолининг яшаш шароити яхшиланди.
Қозоқхўжа қишлоғи бу борада пешқадам. Сабаби, унда юқорида тилга олинган даромад турларидан ташқари, супурги бизнеси ҳам ривожланмоқда. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилининг амалий ифодасини айнан шу ерда кўриш мумкин. Эътиборлиси, бу иш пала-партиш, кимўзарига эмас, қишлоқдошларнинг уюшқоқлиги билан амалга оширилар экан. Яъни, супурги учун хомашёни олиб келишдан тортиб, уни тайёрлаб сотишгача бўлган жараёндаги барча юмушлар қишлоқ аҳолиси ўртасида тақсимланган. Асосийси, бундан ҳамма манфаатдор.
Иш конвейер усулида амалга оширилади
Ҳоким ёрдамчиси ҳамроҳлигида қишлоқни ораладик. Очиғи, кирган биринчи хонадонимиздаёқ ҳайратимиз ошди. Уйнинг ертўласи ҳамда ҳовлисида хомашё ва янги тайёрланган супургиларни сақлаш учун махсус жой қилинган. Анчагина супурги дарвозахонада тахлаб қўйилган. Шу биргина хонадоннинг ўзида мингга яқин тайёр супурги бор эди.
Бизга пешвоз чиққан Шаҳзод Жўраев дарвозахонадаги супургилар сотишга чиқариш учун ҳозирланганини айтди. Қолганлари ҳам талабга қараб бир-икки кунда бозорга чиқарилар экан. Юклар асосан эрта тонгдан олиб кетилиши сабабли биз кўриб турганимиз “хамир учидан патир” бўлиб чиқди.
Асосий иш жараёни кетаётган хонага кирдик. Узун залда ўнга яқин эркак супурги боғлаяпти. Улар орасида ёшлар, мўйсафидлар ҳам бор. Ортимиздан кириб келган одам ўзини сотувчи, дея таништирди. Биз супургини бир киши тайёрлайди, ҳам сотади, деб тасаввур қилардик. Амалда эса жараён конвейер усулига ўхшар экан.
– Бир вақтлар ота-боболаримиз рўзғорга қўшимча даромад бўлади, деб супурги боғлаган, - дейди Ш.Жўраев. – Албатта, ўшанда тайёрланган супургиларни ўзлари, уйма-уй юриб сотишган. Йиллар ўтиб бу иш такомиллашди. Ҳозир қишлоғимиздаги 20 га яқин хонадонда супурги боғланса, қолган ҳамқишлоқларимиз шу хонадонларда меҳнат қилиб, умумий ишдан даромад олади. Масалан, бизнинг уйда мавсум вақтида 20 нафаргача одам супурги боғлайди. Сотувчилар алоҳида ишлайди. Улар биздан супургини улгуржи нархларда олиб, жойларга тарқатади.
Сўраб билсак, сотувчилар ҳам вилоятимизнинг ҳудудларини бўлиб олган экан. Бу маҳсулотнинг тезроқ сотилиши ва даромад адолатли тақсимланишини таъминлайди. Аҳамиятлиси, бугун сотувчилар уйма-уй юрмайди, балки супургини ўз автоуловида жойлардаги бозор, дўконларга етказади, холос. Мана сизга бозор иқтисодиётининг кучи.
Хомашё Афғонистондан импорт қилинади
Диққатимизни тортган жиҳат – бу супурги ясашда ишлатиладиган ўсимликнинг бошқа вилоят, ҳатто давлатдан олиб келиниши бўлди. Унумдор, серсув ерларимиз бўлса, нега ўзимизда экилмайди, деган савол билан қишлоқ аҳлига мурожаат қилдик.
– Супурги асосан унумсиз ерларда экилади, - дея тушунтирди О.Алиқулов. – Боиси, ундан кўп даромад қилинмайди. Бизнинг маҳалла, умуман, вилоятимиздаги ерлар унумли ҳисобланади. Унда кўпроқ даромад келтирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳудудимиз серсув, намгарчилик бор. Супурги эса нисбатан қурғоқчил жойларда яхши ўсади. Яширмайман, уни ўзимизда ҳам ўстиришга ҳаракат қилдик, аммо сифати паст бўлди.
Қозоқхўжаликларнинг айтишича, шу кунларда қишлоққа супурги Сирдарё, Фарғона вилоятлари, қизғиш ранглиси эса Афғонистондан келтирилаётган экан.
Даромад қанча бўляпти?
Яна бир қизиқ маълумот, қозоқхўжаликлар супурги ўсимлигини боғламда эмас, килограмда ҳисоблаб сотиб олар экан. Масалан, Сирдарёдан келтирилган супурги новдаларининг бир килограми 16 минг сўмдан олинибди. 3 килограм новдадан 4 та супурги чиқади, дейишди қишлоқдагилар. Супурги боғланишини кузатар эканмиз, жараёнда анча чиқит қолаётгани, яъни новданинг узун ва йўғон жойлари кесиб ташланаётгани эътиборимизни тортди. Демак, уни килограмда олиш зарарига ишлар экан-да, деган хаёлга бордик.
– Супургидан чиқит қолмайди, - дея гап қўшди ҳамроҳларимиздан бири ҳисоб-китобга берилиб кетганимизни кўриб. – Кесилган, синган новдалари тандирга ўтин бўлади. Улар ўзимиздан ортмайди, қолаверса, новвой, сомсапазлар ҳам тез-тез ўтин олгани келиб туради. Бундан ташқари, супургининг уруғини ҳам ажратиб оламиз. У қўйлар учун ем ўрнида ишлатилади. Хуллас, бу ишдан зарар қилинмайди.
Ҳисобли дўст айрилмас, дейди доноларимиз. Шу боис биз ҳам супурги бизнесидан қоладиган асосий даромадни чамалашга ҳаракат қилдик. Хуллас, хомчўтимизга кўра, уч килограмм супурги поясидан чиқадиган тўртта тайёр супурги 12 минг сўмдан тушади. Бу фақат хомашёнинг нархи.
Супурги боғловчиларга келсак, уларга бир дона боғланган супурги учун 2 минг 500 сўмгача пул берилар экан. Ишининг устаси бир кунда 60 тагача супурги боғлайди. Демак, унинг бир кунлик даромади 150 минг сўм бўлади. Ўртадаги дам олиш кунлари, тўлиқсиз ишланган кунларни (аҳоли супурги боғлашдан ташқари деҳқончилик ва чорвачилик билан ҳам шуғулланади) инобатга олсак, бир ишчи ойига ўртача 3 миллион сўм ишлаб топади. Агар 2 минг 500 сўмни супурги нархига қўшсак, 14 минг 500 сўм, коммунал тўловлар, жараёнда ишлатиладиган сим ва бошқа кичик харажатларни қўшганда бир дона супурги нархи ўртача 15 минг сўм атрофида бўлади. Ишлаб чиқарувчи уларни шаклига қараб (супургининг нархи унинг боғлами (панжаси)нинг сонига қараб фарқ қилар экан), 20 минг сўмгача сотади.
Биз қишлоқдагилардан бир ойда ёки йилда нечта супурги сотилиши бўйича аниқ рақам ололмадик. Лекин уйида супурги боғлатадиган бир оила йилига камида 100 миллион сўм фойда қилар экан. Бу ўтин ва ем ўрнида ишлатиладиган супурги донидан ташқари даромад.
– Ишни тайёр супургиларни уйма-уй юриб сотишдан бошлаганман, - дейди Хўжаакбар Султонов. – Манна, 15 йилдирки ўзим супурги тайёрлаяпман. Уйимда ҳар куни 4-5 нафар қўшним ишлайди. Даромадим ёмон эмас, машина олдим, уй солдим, тўй-маъракаларга етиб турибди. Хуллас, бу иш ортидан кам бўлганимиз йўқ.
Супургини хорижга экспорт қилса бўлади, аммо...
Айни кунда Қозоқхўжада тайёрланаётган супургилар нафақат вилоятимиз, балки бутун республика бўйича сотилаётган экан. Қишлоқдагиларнинг айтишича, ҳозир республиканинг фақат икки жойида, Андижон ва Самарқандда уй супургилари тайёрланади. Лекин Самарқанднинг маҳсулоти сифатлироқ бўлгани учун бозори чаққон. Сотувчилар супургиларни Тожикистонга ҳам ўтказишаётганини айтишди. Бу ҳам яхши, ўтган йили Россиянинг Махачкала шаҳрига 10 минг дона супурги экспорт қилинганига нима дейсиз?
– Турли давлатлардаги бозорларни ўрганяпмиз, - дейди Ойбек Алиқулов. – МДҲ давлатларида сифатли супургига талаб юқори экан. Аммо уларга маҳсулотни тизимли экспорт қилишга тайёр эмасмиз. Сабаби, супурги билан шуғулланувчилар ҳунарманд ҳисобланади, юридик фирмамиз йўқ. Шу боис бу йил уларни ягона кооперацияга бирлаштиришни ўйлаяпмиз. Бу миллий супургиларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини беради.
Қишлоқнинг муаммолари бор
Бу қозоқхўжаликларнинг қўлини калта қилаётган ягона масала эмас. Аҳоли билан мулоқотимиз вақтида яна бир қатор муаммолар тилга олиндики, уларни ҳам эслаб ўтмасак бўлмайди. Жумладан, қишлоқ умуман газлаштирилмаган. Биз кириб кўрган хонадонларда ҳам ишчилар совуқ хоналарда ишлашга мажбур бўлаётганди. Кўчалар асфальт қилинмаган, ёғингарчилик вақтида уларда пиёда тугул машинада юриш ҳам қийинчилик туғдиради. Бир замонлар асфальт қилинган кўчалар эса яроқсиз ҳолатга келган ва тор. Ичимлик суви, электр таъминотидаги муаммоларнику айтмасак ҳам бўлади. Хўш, шундай шароитда тадбиркорликни ривожлантириш мумкинми?
Ёлғон бўлмаса, ўтган йили қишлоққа туман ва вилоят ҳокимлигидан масъуллар келиб, аҳоли билан учрашган экан. Лекин “Муаммоларни ҳал қиламиз, бизнесингизни ривожлантиришга кўмак берамиз”, дея ваъда берган масъуллар ҳали амалий ишни бошламапти. Тўғри, тадбирли қозоқхўжаликлар қараб тургани йўқ, лой кўчаларга шағал ётқизишяпти, имкон қадар шароитини яхшилашга уринишяпти. Бироқ ҳудудда уларга боғлиқ бўлмаган, “катта”ларнинг аралашуви билан ҳал бўладиган масалалар ҳам бисёр.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишимиз лозим. Тўғри, вилоятимизда Қозоқхўжага ўхшаш салоҳиятли қишлоғу маҳаллалар кўп. Лекин негадир улар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Жумладан, супурги ишлаб чиқарувчилар маҳалласини топишимиздан олдин, масъулларга “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили йўлга қўйилган маҳаллани топиб беришларини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилдик. Ҳеч ким “йўқ”, демайди, кутасиз, аммо натижа йўқ. Бу айни тамойилнинг ижроси фақат қоғозларда бўлаётганини англатмасмикан? 50-60 йилдан бери супурги ишлаб чиқарадиган, тайёр бизнес лойиҳаси бор қишлоққа “эътибор” шунчалик бўлганидан кейин, қолганларини тасаввур қилаверинг. Йўқдан бор қилолмас эканмиз, борини ривожлантиришни ўйлайлик.
Асқар Баротов.