Самарқанд тумани ҳокими қабулига келган фуқаро нима учун йиғлади?

Навбатдаги сайёр қабулда Хишрав маҳалласидан келган Дилбарой Олимова “6 ойдан буён қайнонам уй-жойига эгалик ҳақида қарор чиқартира олмаяпти, ўзлари эса келолмайди, саломатлиги бироз оғирлашган”, деб йиғлаб юборди.

Д.Олимова томонидан тақдим қилинган уй-жой ҳужжатлари шу ернинг ўзида кўриб чиқилди. У шунча вақт сарсон бўлиб юргани учун тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари огоҳлантирилди. Барча зарур ҳужжатлар тайёрланиб, уй-жойга эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисида туман ҳокимининг қарори имзоланди.

- Маҳалламизнинг йўли қишда лой, ёзда чанг бўлиб кетади, - деди Пулимуғоб маҳалласида яшовчи Робия Сулаймонова. – Маҳалламиз кўчаларига ҳам асфальт ётқизилишидан умидвормиз. Аммо айни кунда кўчаларимизга тош-шағал ётқизилишига ёрдам қилинг.

Мурожаат тезда ўрганилиб, шу куннинг ўзида маҳалла кўчасига тош-шағал ётқизилди.

- Ҳар бир мурожаатнинг замирида инсон тақдири бор, - деди туман ҳокими Н.Мавлонов. ­ Оила аъзоларимизга қандай муносабатда бўлсак, фуқароларга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз шарт. Шунинг учун аҳолининг ҳеч бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги керак.

Қабулда фуқаролар томонидан электр энергияси таъминоти, моддий ёрдам, ер ажратиш масалалари юзасидан 45 та мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қолганларига аниқ муддат белгиланиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш чоралари кўрилди.

Бахриддин ХОНКЕЛДИЕВ.