Қаердалиги номаълум бўлган дунёдаги энг йирик хазиналар
Жаҳонга маълум ва машҳур бўлган айрим хазиналар асрлар давомида минглаб дафна изловчиларни ақлдан оздириб келади. Улар олтин, қимматбаҳо санъат асарлари, қадимги артефактлар, яъни топилмаларни излашга жуда катта маблағ сарфлашади. Қуйида ҳозирда қаердалиги номаълум бўлган дунёдаги энг йирик хазиналар ҳақида билиб олинг.
Қадимий мис тахтачалар бебаҳо хазиналарга ишорами?
Исроилнинг Хирбет-Кумрон ҳудудида 1946-1956 йиллар орасида топилган, 981 варақдан иборат мис тахтачалар қадимда «Ўлик денгиз ўрамлари» номи билан танилган топилманинг бир қисми ҳисобланади. Тарихчиларнинг таъкидлашича, уларда қадимги хазиналарнинг харитаси кўрсатилган бўлиши мумкин. «Ўлик денгиз ўрамлари»нинг топилган қисми юпқа мис тахтачаларга битилган. Аммо қолгани пергамент ёки папирус қоғозларга ёзилган деб ҳисобланиб келинган.
Мис тахтачалардаги ёзувлар бир неча юз йиллар илгари ишлатилган иврит тилида бўлиб, бошқа топилмалардаги ёзувдан бутунлай фарқ қилади. Унда жаҳоннинг 60 дан ортиқ ҳудудларида яширилган олтин ва кумуш хазиналар ҳақида қайд этилган. Аммо кўрсатилган жойлардан бирор нарса топилмаган бўлса-да, хазина изловчилар уларни топишдан умид узганлари йўқ.
«Карденио тарихи» Шекспернинг номаълум асарими?
Бугунги кунда кўпчилик инглиз ёзувчиси У.Шекспирнинг бизгача етиб келмаган «Севгининг ғолибона юришлари» номли пьесаси ҳақида эшитган бўлса-да, аммо унинг "Карденьо тарихи" пьесаси тўғрисида деярли билишмайди. Чунки мазкур асар яна бир инглиз ижодкори Д.Флетчер билан ҳаммуаллифликда ёзилган. Тарихдан маълум бўлишича, "Карденьо тарихи" 1613 йилда Шекспер труппаси актёрлари томонидан бир неча марта саҳнада намойиш этилган экан. Аммо пьесанинг қўлёзмаси бизгача етиб келмаган бўлса-да, уни қидириб юрганлар орасида асарнинг бебаҳо эканлигини биладиганлар кам эмас.
Архимеднинг ихтироси қаерда?
Леонардо да Винчи Архимедни Қадимги Грециянинг буюк ихтирочиси деб атаган. Унинг «Эврика» хитоби ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Шунингдек, унинг планетарийни, яъни Ердан туриб қуёш, ой ва бошқа сайёраларнинг ҳаракатини кузатиш мумкин бўлган ускунани кашф қилганлигини ҳам билишади. Аммо планетарийга тааллуқли бўлган «Антикитер механизми» олимлар ўртасида жуда машҳур бўлса ҳам унинг ясалиш тарихи ҳеч кимга маълум эмас. Архимед ихтироларининг чизмалари бизгача етиб келмаган. Аммо топилишига умид бўлмаса ҳам изтопарлар уларни ҳамон излашади.
Лима хазинаси ростдан ҳам бебаҳоми?
Коста Рика қирғоқларига яқин жойлашган Кокос оролчасида умумий баҳоси 300 миллион долларлик хазина яширилган. Маҳаллий католиклар ибодатхонасидан олинган маълумотларда хазина Жанубий Америкадан келтирилган 113 та диний ҳайкалчалар, илоҳий «Бева Мария»нинг одам бўйи ҳайкали, 200 сандиқда қимматбаҳо тақинчоқлар, 273 дона дастаси олмос тошлар билан безатилган қиличлар, 1000 та бриллиант, олтин тожлар, олтин ва кумушдан ясалган 150 та идиш ва қуймалардан иборат бўлганлиги таъкидланган.
Афсоналарга кўра, бу бойликлар британиялик савдогар Уильям Томпсонга сақлаб қўйиш учун берилган. Ибодатхона руҳонийлари савдогардан хазинани испан калонияларидаги қўзғалонлар босилгунга қадар бир неча ой давомида ўз кемасида сақлаб туришини исташган. Томпсон ва унинг жамоаси эса бойликларга эга бўлиш мақсадида соқчиларни ўлдириб, яширинча Кокос оролига кўмиб қўйишган. Аммо кема испан ҳарбийлари Томпсон ва унинг ёрдамчисидан бошқа барча денгизчиларни қароқчилиги учун қатл қилишган. Инглиз савдогари омон қолиши эвазига хазина кўмилган жойни кўрсатишга ваъда берган. Аммо йўлда жунглига қочиб кетишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг на Томпсонни, на у яширган хазинани ҳеч ким кўрмаган.
Искабтопар археоптерикс ҳайвонми ёки қуш?
Археоптерикс - динозавр билан қушлар ўртасидаги ҳайвон бўлиб энг қадимий жонзотлар турига мансуб. Ҳозиргача, унинг фақатгина 11 дона суяги топилган бўлиб, қимматли топилма сифатида қадрланади. Қатор йиллардан буён уни палеонтолог ҳамда орнитолог олимлар ўз соҳасига тааллуқли деб ҳисоблашади.
1956 йилда Германияда Э.Опищ исмли тадбиркорга тегишли конларнинг бирида ишлаётган тош кесувчилар томонидан топилган суякларга Максберг деб ном берилган. Бу қадимий ашё археоптериксга тегишли учинчи суяк эди. Э.Опищ уларни ўрганиш учун музейга топширди. Унинг қимматли эканлигини билгач, катта маблағ эвазига пулламоқчи бўлди. Кейинчалик даромад солиқлари баланд эканлигини билгач, фикридан қайтиб уйида сақлашга қарор қилди. Аммо унинг ўлимидан сўнг бебаҳо Максберг намунаси ғойиб бўлди. Уни ҳалигача ҳеч ким топа олгани йўқ.
«Қайғу кечаси» хазинаси
1520 йил 30 июн куни Эрнан Кортес ва унинг қўшини ацтеклар пойтахти Теночтитлан шаҳри ёнида ғазабнок ҳиндулар қуршовида қолишади. Чунки испанлар уларнинг йўлбошчисини ўлдирганлиги учун қўзғолон кўтаришганди. Тун ярмидан ошгач, Кортес аскарлари билан ацтекларнинг қимматбаҳо хазинасини ўғирлаб, шаҳардан қочмоқчи бўлишди. Аммо соқчилар уларни сезиб қолиб, шовқин кўтариб юборишди. Шафқатсиз жанг туфайли испан қўшинининг тенг ярми қириб ташланди. Тарихга «Қайғу кечаси» деб ном олган тунда испан истилочиси Кортес нафақат ҳарбий қурол-аслаҳа ва аскарлар, балки шу пайтгача қўлга киритган барча бойликларининг ҳам ярмини бой берди.
Айтишларича, бу хазина ацтеклар томонидан атрофдаги тепаликлардан бирига кўмиб ташланган экан. Аммо Шимолий ва Жанубий Америкадан олиб кетилган хазинанинг тенг ярми ҳалигача топилгани йўқ. Уни излаётганлар эса сон-саноқсиз...
Дюшаннинг «Фаввора»си мўйқалам санъатига қарши
Келиб чиқиши француз бўлган америкалик Марсель Дюшан ХХ асрнинг истеъдодли рассомларидан бири ҳисобланади. Айниқса, унинг 1917 йилда ишлаган «Фаввора» асари жуда машҳур. Р.Матт тахаллуси билан яратилган манзкур асарда фаввора ён томонга сув сочаётган ҳолатда чизилган. Дюшан оддий, ташландиқ бўлган унсурлардан ажойиб санъат асарлари яратиб ўзига хос "readymades" йўналишини яратди. Бу билан санъатнинг қолипга солинган одатларига қарши чиқди. Қизиғи, рассомнинг кўплаб асарлари сақланиб қолган бўлса-да, айнан кўп минг сонли санъат ишқибозлари дом-дараксиз ғойиб бўлган «Фаввора»ни излаш билан овора.
Сув остидаги «Пекинлик одам»
Инсоният тарихида энг ноёб қазилмалардан бири 1920 йилда Хитойда топилган инсон бош суяги ҳисобланади. Олимларнинг фикрича, синантроп, яъни «Пекинлик одам» деб номланган ушбу суяк 500 000 йил яшаган гоминидга тегишли экан. Текширувлар аждодларимиз вакилини катталиги шердай келадиган қадимги гиен (бўри)лар томонидан ўлдирилганлигини аниқлади. Изланишлар олиб бориш учун Пекинга жўнатилган суяк Иккинчи жаҳон уруши даврида йўқолиб қолди. Аниқроғи, 1941 йилнинг сентябрида хитойлик тадқиқотчи олим Ху Чэнчжи АҚШга олиб кетаётганда океанда кема чўктириб юборилган.
Леонардонинг чала асари қаерда?
«Ангиари ёнидаги жанг» асарида 1440 йилда Ангиари ёнида бўлиб ўтган жангда қатнашаётган тўртта чавандоз тасвирланган. 1505 йилда Леонардо да Винчи томонидан ишланган мазкур йирик асар Римдаги «Беш юз зал» номли иншоотни безаб туриши керак эди. Аммо нима учундир да Винчи асарни тугатишни истамайди. Рим расмийлари бошқа бир рассом Ж.Вазарига залга «Марчианодаги жанг» номли фреска (рангли ойна парчаларидан сурат) ясашни топширади. Ва, шу билан буюк рассом чизган чала асар бутунлай ғойиб бўлади. Асрлар давомида унинг қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди. Аммо тасодиф туфайли асар топилади. Олимлар Винчининг чала қолган ижоди маҳсули айнан Вазарининг «Марчианодаги жанг» асари остида қолиб кетган экан.
Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.