Қаердансиз? Маҳаллийчиликдан уялмай қўйдикми?

Маҳаллийчилик аслида ҳамма жойда бор. Аммо қаердадир бунга иллат сифатида қаралса, яна қаердадир бунинг қатор кўринишларига аллақачон ўрганиб бўлгандекмиз.

Ишингиз тушиб, кимнингдир олдида бирор илтимос билан бориб, бафуржа суҳбат бошласангиз, сизга «қаердансиз?» деб савол берилади. Тасаввур қилинг, сизнинг қаердан эканингиз мутлақо аҳамиятсиз, ҳеч нарсани ҳал қилмайди, аммо барибир шу савол берилади. Ҳатто баъзан кулгили ҳолатларга дуч келамиз. Айтайлик, қайсидир корхонага маълум соҳа бўйича мутахассис ходим керак. Ўзлари эълон ҳам берган. Шу эълон бўйича бордингиз ва албатта, сизга шу савол берилади. Кейин бизда ўша ҳудуддан ходим кўп, ололмаймиз дейишади.

Бирор каттароқ ташкилотга янги раҳбар тайинлангани ҳақда айтсангиз ҳам “Қаердан экан?” деган савол эшитасиз. ОАВни кузатсангиз, ҳар қандай тайинловга оид хабарда номзоднинг қаердан экани албатта ёзиб қўйилади. Афсуски, ёзилмаса, ўқилмайди! Шахснинг қаердан экани шу даражада қизиқ биз учун.

Дарвоқе, аксарият ҳолатларда «қаердансиз»нинг давомига ҳам дуч келасиз: «кимлардансиз?». Назаримда бу ҳам кўп бериладиган саволлардан.

Баъзан маҳаллийчиликнинг ўта оғир кўринишларига ҳам дуч келамиз. Афсуски, бунга ҳам кўпчилик кўниккан. Айтайлик, бирор ўта обод кўчани кўриб қолганда, суҳбатдошнинг гапи қулоққа чалинади: “бирор каттаконнинг кўчасидирда”. Қайсидир даражада раҳбарликка эришган одамнинг одамлар ҳаётини енгил қилишни ўз қишлоғи ё кўчасидан бошлаши, албатта, уятли. Аммо шундай ҳолатлар борки, биз “қайсидир каттаконнинг кўчасидирда”, деган гапни эшитиб қоламиз ва буни табиий қабул қиламиз.

Аҳвол шу даражадаки, ўзи масъул бўлган бутун секторга бирдай қараган раҳбарнинг маҳалладошларидан у ҳақда сўрасангиз, “қишлоққа балоям қилмаган раҳбар бўлиб” деган гап эшитасиз.

“Вазир ўзи ўқиган мактабга фалон турдаги жиҳозлар етказиб берди” ёки шунга ўхшаган хабарларни ҳатто ОАВда ҳам ўқиганмиз. Аслида қайсидир амалдорнинг ўз мактаби ё туғилган маҳалласига нимадир қилиши ОАВда айтиладиган гап эмас. Ўша жиҳозларга эга бўлмаган бошқа мактаб жамоаси буни қандай қабул қилади? Аммо биз шунга кўникканмиз. Табиий қабул қила бошладик. Ҳолбуки, бу ҳам қайсидир томондан маҳаллийчиликнинг бир кўриниши.

Яна бир ҳолат борки, маҳаллийчилик, аниқроғИ, регионализмнинг олий намунаси дейиш мумкин: “фалон тумандан (фалон шаҳардан) ёмон одам чиқмайди” ёки аксинча, “бу жойдан (қаернидир назарда тутиб) яхши одам чиқмаган”. Яхши ё ёмон одамлар борасида бутун бир ҳудудга нисбатан ҳукм чиқариш олдиндан бўлганми ё энди пайдо бўлдими, билмадиму, бу каби иллатлар аста-секин қутбланиш, одамлар ўртасида бўлинишга олиб келиши мумкин.

Маҳаллийчиликдан қутулиш эса аҳолининг ҳар томонлама жипслашишида муҳим омиллардан бири бўлади.

Маҳаллийчиликнинг биз ўрганган қирралари аста-секин биз ўрганмаган янги оқибатларни ҳам юзага келтира бошлади. Биласиз, сўнгги вақтларда Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланиши ортиб кетгач, турли баёнотлар берила бошланди. Булар ичида «вилоятликлар»нинг, «вилоятликлар»га тегишли машиналарнинг Тошкентга киришини чеклаш каби фикрлар ҳам маҳаллийчилик қай даражага келиб қолганини кўрсатди. Ва энг ёмони, бу баёнотлар телевидениеда айтилди. 

Албатта, бундай таклифлар жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Чунки биринчидан, пойтахт — ҳамма борадиган жой. Иккинчидан, ҳеч қайси муаммо аҳолини бўлиш, қутблаштириш, регионализм билан ҳал қилинмайди. Бунинг оқибати ўша муаммолардан ҳам қимматга тушади. Аксинча, ҳар қандай муаммога қарши аҳолини, қарашларни бирлаштириш лозим аслида.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.