Қардош эллар олимлари таълимни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади 

Самарқандда яна бир нуфузли анжуман – Туркий давлатлари ташкилотининг Туркий университетлар иттифоқининг навбатдаги йиғини ўтказилади.

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказиладиган халқаро тадбир Туркия ва бошқа туркий давлатлар етакчи университетлари вакилларини ҳар томонлама фикр алмашинувлар асосида ва олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш йўлларини излаш учун бирлаштиради.

Таъкидлаш лозимки, 2009 йилнинг 3 октябрь санасида Нахичеван битимига мувофиқ, асосий мақсади мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўлган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши тузилган.  Ўзбекистон мазкур Кенгашга 2019 йилнинг сентябрь ойида расман аъзо бўлган.

2021 йилда Истанбул саммитида Кенгаш тарихида янги саҳифа очилди -  “Туркий давлатлар ташкилоти” деб қайта номланди. Бу пайтда нафақат ташкилот номи ўзгарди, балки мазмун жиҳатдан ҳам янгиланишлар кузатилди. Туркий дунё нигоҳи деб номланган 2040 йилга мўлжалланган стратегик ҳужжат қабул қилингани ва қўйилган мақсадлар тўрт соҳага мўлжаллаб, аниқ-равшан белгилангани бунинг яққол исботидир. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, халқлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва халқаро ҳамжамият билан туркий давлатларнинг алоқалари шулар жумласидан.

 Концепцияда илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, туркий тилли университетлар иттифоқи ҳамкорлигини етакчи механизмга айлантириш, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар ихтиёрида бўлган илмий мақолалар манбаларини ва аъзо давлатлар илмий журналлари учун умумий халқаро индексни яратиш кўзда тутилгани ҳам аҳамиятли. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2022 йил Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти I саммитидаги нутқида 2023 йилда Ўзбекистонда турк дунёси ёшларининг илм-фан ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

 Жорий йил аввалида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев билан ўтказилган музокараларида мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилди. Жумладан, туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгресини ўтказиш, шунингдек, талаба-ёшлар учун туркий давлатлар ўртасида стипендия дастурларини кўпайтириш бўйича фикр алмашилди. Туркий давлатлар ўртасида умумий маданият, тил ва тарихни сақлаб қолиш борасида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштиришга келишиб олинган. Мулоқот давомида Туркий университетлар иттифоқи йиғилишининг ташкилий жиҳатлари ҳам кўрилди.

 Туркий тилли университетлар иттифоқининг навбатдаги анжумани “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Зотан, олий ўқув юрти айни ташкилотда берилган ташаббус доирасида, аъзо давлатлар ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

 Аслида Туркий тилли университетлар иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган. Ҳозирда иттифоқнинг Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Венгрияда 40 дан ортиқ аъзоси бор. Иттифоққа Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Қўқон давлат университетлари аъзо ҳисобланади.

 Иттифоқнинг Самарқандда ўтадиган навбатдаги анжумани ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.

 Тадбирларда асосан иттифоққа аъзо университетлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва билимларни алмашиш ҳамда қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, сессияда Турк дунёси университетлари ўртасида талабалар алмашинуви ташаббуслари, талабалар учун амалиёт дастурларини яратиш ва уларга стипендиялар ажратишнинг имкониятлари кўриб чиқилади.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг ТДТнинг Самарқандда ўтган саммитида билдирган ташаббусини амалга ошириш яқин истиқболда қуйидаги натижаларга олиб келади:

 - ёшлар учун интеллектуал платформа яратилади, ёш олим ва тадқиқотчилар алмашинуви дастурларини янада ривожлантиради;

 - ўз илмий ишларида салмоқли натижаларга эришган олимлар ва инноваторлар, илмий ва таълим муассасалари вакиллари ҳамда турли кўрик-танловларнинг ёш ғолибларини бирлаштиради;

 - ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот сиёсатини олиб бориш, ёш авлодни илмий дастурлар ва жараёнларга жалб қилиш борасидаги қарашларини яқинлаштиради;

 - ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ва ўқув-англаш фаолиятини рағбатлантириш, ижодий қобилиятларини юзага чиқариш, шунингдек, интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга туртки беради.

 Дарвоқе, Туркий тилли университетлар иттифоқининг Самарқандда ўтадиган анжуманида олий таълим тизимида умумий таълим стандартларини ишлаб чиққан ҳолда юқори сифатли таълимни таъминлашга доир муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниши белгиланган.

  Жўлибой Элтазаров,

 “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор.