Қарийб эллик йил аввал қурилган мактаб капитал таъмирланмоқда

Ургут тумани Почвон маҳалласидаги 27-мактаб биноси қурилиши 1971 йилда бошланиб, 1978 йилда фойдаланишга топширилган экан. Айни кунларда қарийб эллик йиллик тарихга эга ушбу бинода капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– 1072 нафар ўқувчи ўрнига эга бўлган мактабимиз биноси 2005 йилда жорий таъмирланган эди, – дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи Хуршид Хурсандов. – Лекин бугунги шароит бугунги кун талабларига жавоб бермасди. Шу сабабли 974 нафар ўқувчини икки навбатда ўқитишга мажбур эдик. Ёғингарчилик пайтида спорт залимиз томидан чакка ўтарди. Мактаб биноси капитал таъмирланиб, муаммоларга барҳам берилмоқда.

- Шу йил 1 апрелда таъмирлаш ишларини бошладик, - дейди “Моҳли Оқила” хусусий корхонаси иш юритувчиси Шуҳрат Дўстмуродов. – Корхонамиз шу пайтга қадар 30 дан ортиқ ишчи билан фаолият олиб борар эди. Карантин даврида маҳалланинг яна 30 нафар ёшларини қурилиш ишларига жалб қилдик. 3 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига олиб борилаётган таъмирлаш ишларини 1 августгача якунлашни режалаштирганмиз.

 Энди почвонлик ўқувчи-ёшлар келгуси ўқув йилини замонавий кўриниш ва шароитларга эга бўлган мактаб биносида бошлайди, деган умиддамиз.

 Айни пайтда туманнинг Вағашти маҳалласидаги 9-мактабда ҳам капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.