Қашқадарёда талаба "ҳоким" бўлди
Ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилди, сенсация десак ҳам бўлади. Қашқадарёда ёшлар, асосан, талабалар вилоят ва туман ҳокимлари ўрнида 2 ҳафта давомида вилоят ва туманларни бошқарар экан...
Бир неча кун олдин шу хабарга кўзимиз тушганда, эътибор бермагандим, навбатдаги “пиар” деб. Негаки, Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев кейинги пайтда жуда кўп марта интернетда муҳокама қилинаётган эди.
Лекин, нима бўлганда ҳам қойил қолиш керак! Биз, самарқандликлар, шунингдек, журналистлар Зоир Мирзаевни жуда яхши биламиз, ҳурмат қиламиз ва у кишини Самарқанддан етишиб чиққан кадр, деб ҳисоблаймиз. Шаҳар ва вилоят ҳокими бўлганида хизмат юзасидан у киши билан кўп марта тадбирларда учрашишга ва маълумот олишга тўғри келган. Кузатувларимизга кўра, Мирзаев аввал бошдан ёшлар билан яхши келишарди ва журналистларга жуда катта эътибор билан қарарди.
Энди ёшлар ҳақида сўз...
Катта авлод вакилларидан ёшларнинг аксарияти, айниқса, талабаларнинг айримлари ҳақида кўпинча негатив фикрлар эшитишга ўрганиб қолибмиз, шекилли. Масъулиятсиз, ҳавойи, бир мақсади йўқ, дейишади. Лекин ёшлар билан ишлаётганимга бир йилдан зиёдроқ вақт бўлибдики, улар ҳақидаги фикрларим яхши томонга ўзгарди. Талабалар – ёшларнинг энг илғор қатлами бўлса, уларнинг айримларига фақат ҳавас қилиш мумкин. Чет тилларни мукаммал билиши, ахборот технологияларидан яхши хабардорлиги, замонавий билимларни эгаллаганлиги ва бошқа кўп жиҳатлари билан улар кўпчиликдан анча олдинда. Уларнинг имкониятлари шунча каттаки, буни тасаввур этиш қийин.
Талабалик давримизда бизни амалиёт ўташ учун ҳокимият тизимига ҳам юборишган. У ерда қандай “бошоғриқ”лар бўлишини ҳам ўшанда кўрганмиз! Демак, ёшларнинг вақтинча “ҳоким” вазифасини бажариши уларга ҳаёт мактабида тобланиш учун яхши имконият бўлиши мумкин. Улар ўз ғоя ва мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилиши баробарида “юқори”нинг топшириғини бажариши, мурожаат ва шикоятларга жавоб бериши, ҳудуддаги муаммоларга ечим излаши, хуллас, маълум муддат ўзини ўша ҳудуднинг “эга”сидек тутиши керак. Зиммаларидаги “юк” жуда залворли!
Адашмасам, ўтган йили Андижонда шундай “тажриба” қўлланилган эди. Яқинда эса Навоий вилояти ҳокими ёшлардан бирини ўз креслосига ўтқазиб кўрди.
Демак, ёшлар бошқарувни ўрганиши, “катталар” эса ўрнини бошқаларга беришга кўникиши керак.
Гулчеҳра Бердиёрова,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати раҳбари.