Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев ватандошларига мурожаат билан чиқиш қилди: Собиқ президентни қўлга олишнинг имкони бўлмади

Қароргоҳига хужум уюштирилгандан сўнг Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мурожаат билан чиқиш қилди. У қуролли кучларни ўз халқига ўқ отмасликка чақирди.

“Қуролли кучлар вакилларига мурожаат қилмоқчиман: ўз халқингизга ўқ отманг, буларнинг барчаси сизлар учун жудаям аянчли якун топади”, - давлатнинг собиқ раҳбари сўзларини Рамблер “Апрель” телеканалига таяниб келтирди.

Атамбаевни Чуйск вилоятининг Кой-Таш қишлоғидаги қароргоҳида  ҳибсга олиш махсус тадбири кеча кечқурун бошланган. Мамлакатнинг собиқ раҳбарининг уйини Қуролли кучлар вакиллари ўққа тутишган, жавобан унинг тарафдолари ҳам ўт очишган.

Тўқнашув чоғида 47 киши шифохонага ётқизилган, улардан 22 таси миллий хавфсизлик қўмитасининг ҳодимлари, иккитаси ИИВ ходимлари ва 23 киши оддий фуқаролар. Битта махсус бўлим жангчиси ҳалок бўлган. Собиқ президентни қўлга олишнинг имкони бўлмади. 

Атамбаев Қирғизистонга 2011 йилдан 2017 йилгача бошчилик қилган. Бир ой илгари мамлакат парламенти уни собиқ президент статусидан ва дахлсизлигидан маҳрум қилишга қарор чиқарганди, уни коррупцияга алоқадорлиги ҳақида шубҳаланишганди.