«Қиш уйқуси»дан уйғонмаганлар

Самарқанд вилоятида бу йил 20 та ёзги оромгоҳда 9630 нафар болани соғломлаштириш кўзда тутилган. Афсуски, янги мавсумга тайёргарлик кўришда ҳали «қиш уйқуси»дан уйғонмаганлар ҳам бор экан.

Ургут туманида жойлашган «Гўзалкент» оромгоҳи Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлимига қарашли бўлиб, бу даргоҳ ниҳоятда аянчли аҳволда. Гўёки эгаси кўчиб кетиб, қаровсиз қолган ҳовлига ўхшайди.

Табақалари занглаган, ён-атрофини ўт-ўланлар қоплаган дарвозани зўрға очиб, ичкарига мўраладик. Сўнгра аранг йўл топиб, мунғайиб турган бинолар олдига бордик. Назаримизда, бу гўшага анчадан буён одам оёғи тегмаган кўринади.

Тўғриси, саксон ўринли, мавсум мобайнида 320 нафар ўғил-қизни соғломлаштириши лозим бўлган бу масканнинг аҳволи қандайлигини тасвирлашга тил ожиз. Павильонлар эскириб, авария ҳолатига келиб қолган. Стол-стуллар, шкафу тумбочкалар, музлаткич, телевизор ва бошқа жиҳозларнинг деярли барчаси фойдаланиш учун яроқсиз. Чўмилиш ҳавзаси ва тоза ичимлик сув йўқлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Паст Дарғом тумани ХТБ мутасаддиларидан Нуробод туманининг Меҳнат қишлоғида янги оромгоҳ барпо қилинаётганини эшитдик. Янги гўша иккинчи мавсумдан бола қабул қилишни ҳам бошлаб юборармиш. «Гўзалкент» оромгоҳи раҳбари Соҳиб Мамасолиев, туман халқ таълими бўлими вакили Учқун Санақулов билан қурилиш майдонида учрашдик. Бир ҳовуч металл конструкциялардан нимадир ясалаётганига кўзимиз тушди, холос. Тасвирдаги қурилиш кўламига ўзингиз баҳо берарсиз.

Вилоят дон маҳсулотлари корхоналарига қарашли «Баҳора» оромгоҳидаги нураган ётоқхона ўрнида янгиси қурилиши режалаштирилган бўлса-да, ҳалигача иш бошлангани йўқ. Атрофидаги деворларни янгилаш – кечиктириб бўлмас вазифа.

«Соғлом авлод» оромгоҳи тақдири билан қизиқадиган одамнинг ўзи йўқ. Республика «Ўзпахтасаноат» уюшмаси балансига ўтказилган бу даргоҳга одам қадами тегмаганига нақд икки йил бўлди-ёв. Уюшма бу масканни таъмирлаб, ишга тушириш ўрнига уни «пуллаш» ташвишига тушиб қолган. Наҳотки, мавсумда 750 нафар болани қабул қилиш қувватига эга бўлган бу масканнинг ­кейинги тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса?

Нурилла Шамсиев.