Қўпол камчиликларга йўл қўйган ЙПХ инспекторига чора кўрилади

2019 йилнинг 26 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Айбингни топмагунча қўйиб юбормайман ёхуд замондан ортда қолган ЙПХ ходими» сарлавҳаси билан Тошкент вилояти Паркент тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот жараёни тасвирланган видеолавҳа тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат Тошкент вилояти ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган.
Маълум қилинишича, жараёнда Паркент тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори, сержант Ж.Абдураҳмонов томонидан бир қатор қўпол камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарор талаблари бузилган.

Ҳозирда унга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Якуний хулосага кўра, сержантга қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади.