Қоракўлчада “очилган” боғча қачон ишга тушади?

Ўтган йили худойқулободликлар туманда биринчилардан бўлиб "Обод қишлоқ" дастури уларнинг қишлоғида амалга оширилишини эшитиб хурсанд бўлишди. Ҳақиқатан ҳам қисқа фурсатларда Қоракўлча маҳалласида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида йўллар асфальт қилинди. Мактаб биноси таъмирдан чиқарилиб, қўшимча бинолар қурилди. Қишлоққа тоза ичимлик суви келтирилди. Табиий газ ва электр таъминоти яхшиланди. Барча уйлар атрофи тозаланиб, ободонлаштирилди. Турли инфраструктура объектлари қурилиб ишга туширилди. Амалга оширилган бундай хайрли ишлар ҳақида яна кўп мисоллар келтириш мумкин.

Қишлоқ хотин-қизларини хурсанд қиладиган ишлардан бири маҳалла марказида 100 ўринли янги болалар боғчасининг қурилиб фойдаланишга топширилгани бўлди. Бундан барча оналар ва болажонларнинг шодлиги чексиз эди. Чунки бундай боғча қишлоқда авваллари бўлмаган. Энди ҳаммаси яхши бўлади, болажонларимиз замонавий мактабгача тарбия масканида билим ва тарбия олади, деб хурсанд бўлган оналарнинг қувончи узоққа чўзилмади. Фойдаланишга топшириш маросимининг расмиятчилик учун ўтказилганини қишлоқ аҳолиси кейин билишди...

Худойқулобод қишлоғи туманнинг чекка Қоракўлча маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, унда 4 188 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан мактаб ёшигача бўлган болажонлар 300 нафардан ортиқ. "Обод қишлоқ" дастури доирасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилгунга қадар қишлоқда болалар боғчаси бўлмаган. Шу сабаб маҳалла аҳли боғча ишга тушишини интиқлик билан кутишди. Ниҳоят, боғчанинг қурилиш ишлари белгиланган жадвал асосида ўз вақтида қуриб битказилди.

Ўтган йил декабрь ойида ҳамманинг кўз ўнгида қуриб битказилган боғча биноси фойдаланишга топширилгани эълон қилинди. Очилиш тадбирларида қишлоқнинг катта-ю кичиги иштирок этди.

Боғча очилди, лекин ишламади. Нега?

Масканнинг қурилиш ишлари яхши олиб борилган. Кўринишидан чиройли, кўркам. Бино атрофига экилган анвойи гуллар муассасага ўзгача файз бағишлаган. Ушбу ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшаётган кишиларни учратдик.

- Боғчанинг ишлашини кутиб кўзимиз тўрт бўлди, - дейди Саодат Ҳалимова. – Айтишларича, боғчанинг мебель ва жиҳозлари кечикаётганмиш. Қачон шу камчилик бартараф этилса, боғча ишга тушармиш. 9 ой вақт ўтди ҳамки, бу муаммога ечим топилмаяпти. Энг ёмони, бу ҳолат яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди.

Вазиятга Қоракўлча маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Ўлмас Асадов, маҳалла мутахассиси Назокат Ҳалимовалардан етарли изоҳ ололмадик.

- Салкам бир йилдан буён шу боғча ишлари билан чопаман, - дейди мазкур 48-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Ноила Эшонқулова. - Боғчага раҳбар этиб тайинланганлигим тўғрисида буйруқ ҳам беришгани йўқ. Боғча ишлай бошласа, мудира бўламанми, йўқми билмадим. Аммо муассаса ошхонаси жиҳозлар - идиш-товоқ, музлаткич, газ плиталари келтирилмаган. Ётоқхона мебеллари чала олиб келинган. Бу камчиликларни бартараф қилиш учун туман, вилоят марказларига қатнаб чарчадим. Қурувчилар, туман мактабгача таълим бўлими мутасаддилари қуруқ ваъда беришдан нарига ўтмайди. Ҳатто боғчадан фойдаланиш учун туман ёнғин хавфсизлиги бўлимиидан рухсатнома ололмаяпмиз. Одамлар "Боғчани қачон ишлатасиз", деган саволга кўмиб ташлашди.

Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Илҳом Амоновнинг таъкидлашича, мазкур мактабгача таълим муассасасида қурилиш ишларини олиб борган қурилиш ташкилоти бинода ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор талабларни бажармаган. Қурувчи ташкилот томонидан ҳалигача ёнғинга қарши кураш воситалари техник ҳолати тўғрисидаги йиғма жилд тақдим этмаган.

- Ушбу боғча қурилиши учун смета-лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган жиҳозлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун ҳалигача маблағ ажратилмаган, - дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Тоштурди Алқаров. - Шу боис қурилишни амалга оширган "Оқдарё бунёдкор қурувчи" МЧЖ мебель ва жиҳозларни олиб беришни пайсалга солаётир. Тез орада боғчани ишга тушириш масаласини ҳал қиламиз.

Бугун мамлакатимизда болажонларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш бўйича жадал ишлар бораётган бир пайтда бу каби лоқайдлик ва ўзибўларчиликка мутасадди идораларнинг эътибор қаратишига умид қиламиз.

Ғафур ҚАРШИЕВ,

"Каттақўрғон ҳақиқати" мухбири.