“Қўрғон сити”га бир келинг
Ёши олтмишдан ошган одамни унча-бунча мўъжиза лол қолдириши қийин. Аммо чекка Қўшработ туманининг Оқтов ва Қоратов оралиғидаги олис Қўрғон қишлоғида кўрганларим мени чиндан ҳайратга солди.
Очиғи, ишим ҳам, яшашим ҳам Тошкент шаҳрида бўлгани боис Қўшработга тез-тез кела олмайман. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан неварам – ёш шахматчи Жавоҳирни ёнимга олиб, қишлоққа келдим. Қувонганим - нафақат Қўрғон, балки шу атрофдаги Қоракисса, Қўштамғали, Чиноқ, Тов қишлоқларига ҳам ичимлик суви келибди. Жўмракдан чиқаётган муздек сувдан қониб ичарканман юрагим ҳаяжондан гупириб уриб кетди. Кўнглим чексиз ғурурга тўлди. Беихтиёр болалик чоғларим, қўлим қавариб, қудуқдан сув тортган пайтларим, беланги бўлиб тортган челак-челак сувларни симираётган сигирларга қарата “бас энди, бунча очофот бўлмасанглар, сенларни тўйдираман деб чарчаб кетдим-ку” деб ёлворганларим ёдимга тушди... Бахши бобом Эргаш Жуманбулбул ўғли тирик бўлганида қандай суюнган бўларди... Дўмбирасини қўлга олиб, замонамизни мадхига бир ажиб достон куйлаган бўларди...
Олти асрлик тарихга эга бахшилар диёри Қўрғон қишлоғида амалга оширилаётган янгиланишлар чиндан ҳам ҳар қандай инсонни ҳангу манг қилиб қўяди. Бир неча йил ичида қолоқ бир қишлоқ шаҳарга айланиб қолгандай: қишлоққа кираверишда миллий ва замонавий усулда қурилган Эргаш Жуманбулбул ўғли номидаги каттагина музей кўзга ташланади. Атрофидаги ям-яшил боғ, турфа хил анвойи гуллар, камалак жилоли фавворалар, улуғ бахшига ўрнатилган чиройли ҳайкал, маҳобатли мавзолей қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турибди. Бу даргоҳга келаётган махаллий ва хорижий зиёратчилар оқими узилмайди...
Кўчанинг икки тарафини бир текисда қурилган шинам ҳовли-жойлар, дўконлар, ошхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари безаб турибди. Асфальт йўлнинг чети пиёдалар йўлакчаларига улашиб кетган. Кўча бўйларида ўрнатилган ёритгичлар кечаларини кундузга айлантиргандай... Аҳоли мағрурланиб, қишлоқни “Қўрғон сити” деб номлапти...
- Булар хали ҳолва, - дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири, - мен Оқтовнинг биқинида тураман, бир умр ўнқир-чўнқир йўлда чангга ботиб юрдик, яқинда йўлимиз асфальтланди, асфальт йўл уйимгача борди-я, одамнинг ишонгиси келмайди! Ҳар эшикда битта-иккитадан машина. Замонангдай айланай, хўп ажойиб замон бўлди-да!
- Ҳа, ўлманг, - дейди бошқа бир қария, - авваллари бир кунда бир соат чироқ ёнарди. Кунимиз шамга қолганди. Худога шукр, энди туну кун чарақлаб турибди. Рўзғорга бирор нарса керак бўлса, чанг кечиб, туман марказига борардик... Пенсияни вақтида ололмай сарсон бўлиб юрганларимиз-чи. Шуни ҳам ҳаёт деб юрган эканмиз-да! Тўрт-беш йилда қилинган ишларнинг саноғи йўқ... Одамнинг қаригиси келмай қоляпти...
Чиндан ҳам ажойиб замон бўлди-да! Юртимизнинг энг чекка, бир пайтлар ҳамманинг “ёдидан чиққан” қолоқ туманлари, олис қишлоқларида рўй бераётган ўзгаришлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нақадар чуқур илдиз отганлигидан, янгиланишлар барча жабҳаларга, барча ҳудудларга кириб борганидан дарак эмасми? Асосийси, одамлар шод, давлатдан рози, юртбошидан миннатдор!
Йўл-йўлакай туман ҳокими бизни туман марказида қад кўтарган “Ёшлар маркази”да “Халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров шахмат клуби”нинг очилиш маросимига таклиф қилди. Қатнашдик. Лол қолдик. Жуда замонавий, сўнгги техника ва асбоб-ускуналар билан безатилган клуб. Очиғи, унақаси на Тошкентда, на Самарқандда бор... Жавоҳир ёш шахматчилар билан мастер-класс ўтказди... Бу клубдан ҳали қанчадан-қанча жаҳон чемпионлари чиқишига умид қилдик.
Қишлоқдан бир олам таассурот билан қайтдик... Дарвоқе, йўлингиз тушса, сиз ҳам “Қўрғон сити”га бир келинг, ўтган вақтингизга ачинмайсиз.
Комил Синдоров,
юридик фанлар доктори, профессор.