Қўшработда бир муаллим бор эди...

Туманнинг Кесовли қишлоғида яшаб, ижод қилиб, сўнгги нафасигача ўқувчилари тақдири учун жон куйдириб хизмат қилган Шодиёр Тўраев ҳақида айрим хотиралар

Дўсти йўқ одамлардан қўрқиш керак. Бу оддий ҳақиқат эканлигини энди-энди англаяпман. Орамизда шундайларам йўқ эмас, афсуски, борлиги учун айтяпман. Нечтасини биламан. Улар учун икки дунё бир, на оқибатни ўйлайди, на-да охиратни. Куни ўтса, иши битса бўлди, ошиғи олчи, эртага қайрилиб кетаверади. Худбинлик, ёлғон, алдов қон-қонигача сингиб кетган уларнинг.

Сизни билмайман, лекин бугун мен олтмишинчи довондан ошган бўлсам-да, бу дунёда нечта дўстим қолганини билмайман. Бор эди, афсус, улар орасида топганларимдан кўра йўқотганларим кўпроқ. Улардан бири...

Икки ҳафтача бурун Қўшработдан қўнғироқ бўлди. Овози зўрға эшитилади: “Норқобил ака, сизмисиз, узр-а, эслайсизми, мен?..” Жимлик. Бир машваратда эдим. Атрофимда шовқин-суронлиги учун эшитилмаяпти деб ўйладим. Ҳалиги аёл пиқиллаб йиғлаётгани учун гапиролмаётган эди. “Алло, мен Меҳринисоман, Шодиёр жўрангизнинг...”

Энди менинг овозим чиқмай қолди. Нафасим етмади. Секин даврадан чиқиб, намланган кипригимни артиб, зўрға, яхшимисиз, болалар, неваралар омонми, дея олдим. У бўлса овози титраб-титраб, “Шукр, ака, Мусулмон ака, Ҳалим акаларам яхшима, э, нимасини айтасиз, ҳамма бойлик, хайр-барака, меҳр-оқибат жўрангиз билан қўшилиб кетганакан”, деди...

Мен эса шу лаҳзада бу муштипар аёлгинани нима деб кўнглини кўтармоққа ожиз эдим. “Узр-а, сизни безовта қилган бўлсам, келингизлар Кесовлига янгамлар билан, узилиб кетмайлик”, дея Меҳринисо шоша-пиша хайрлашди...

Беш йил бўлди юрагимнинг бир парчаси узилиб кетганига ёронлар! Йўқ, рости, мен, сизга ёлғон, Аллоҳга чин, Худонинг бермиш куни дуоларимда энг қадрдонларим қаторида олов ёшлик маҳалим пойтахтда топганим Шодиёрни йўқлайман. Уни Мусулмон Намоз билан сўнгги йўлга кузатиб келган кунимиздан бери жондай дўстимизнинг қувончдан кўра кўпроқ ташвишли телефон қўнғироқлари, таълим соҳасидаги муаммолар ҳақида куйиниб айтган аламли изтироблари... ҳамма-ҳаммаси ёдимизда. Лекин ҳаёт деганлари бизнинг эмас, ўзининг ўзанига юрғизар экан-да одамни. Вақти-бемаҳал унинг оиласи, яқинларини йўқлай олмадик. Баҳоналаримиз бисёр.

Бугун эса умрининг энг сўнгги нафасигача Қўшработ туманидаги 35-мактабда она тили ва адабиёт фанидан ўқувчиларга сабоқ берган Шодиёр Тўраевни армон билан эслаётганимнинг сабаби битта: ахир, бундан тўрт-беш йилгина аввал Самарқанд вилоятининг барча мактаб ўқитувчиларига Қўшработ туманидаги оддий бир қишлоқда яшаб, ижод қилиб юрган маҳали республика таълим маркази (РТМ) илмий-методик кенгаши (ИМК) аъзоси, эксперти ва Ўзбек тили доимий анжумани иштирокчиси, 8-синф она тили дарслиги расмий тақризчиси ҳамда республика матбуотида таълимга оид энг долзарб муаммоларни ёритган муаллиф сифатида танилган инсонни шу соҳанинг вакиллари йўқлаётганмикан?! Нега биз кечагина ёнгинамизда фарзандларимиз бошини силаб, туну кун елиб-югуриб, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаб юрган фидойи бир муаллимнинг унутилмас номи-ю, бебаҳо хизматини жуда тез эсдан чиқариб юбордик? Шуми энди инсон қадри, шуми одамгарчилик?! Нега биз бу даражада яхшилик, эзгуликка йўғрилган савоб ишларни унутадиган элмиз, айтинглар!

 Айтишларича, кейинги ўн йилликларда Қўшработ туманидан энг юқори балл олиб турли олий ўқув юртларига ўқишга кирган талабалар орасида Шодиёр Тўраевнинг шогирдлари кам эмас экан. Демак, унинг иккинчи умри давом этаётир!

Бугун эса қиёматли дўстимиз хотирасига бағишлаб ёзилган мақолалардан айрим парчаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилмоқни лозим топдик.

 

“Энди бизни ким ўқитади?”

“Шодиёр билан тўн кийишмаган бўлсак-да, Талабалар шаҳарчасининг қаттиқ нонини бирга татиган, сирдош-синашта жўра эдик.

1980 йили ТошДУ(ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)да абитуриент маҳалимиз танишдик. Унинг омади чопиб талаба бўлди, камина эса мандатдан “йиқилиб”, отамнинг ёнига – далага қайтдим...

Орадан икки йил ўтгач, бошим неча бир ғаддор девору баланд устунларга урилиб-урилиб, боз пойтахтга қайтиб келдим. Шодиёр билан кўришдик. У ўша пайтда охирги курсни тамомлаётганди. Имкони бўлса, аспирантурада қолмоқчи эканлигини айтганида роса қувондим. Вақти ҳар қанча зиқ эса-да, мендан айрилмади, уч-тўрт кун ҳангома қилдик, охири университетнинг сиртқи бўлимига ҳужжатларимни топширтирди.

Ёзнинг чилласида диплом олгач, бир куни кечқурун дардини ёрди: “Ошна, роса ўйлаб кўрдим, мен Қўшработга қайтмасам бўлмайди, биласиз, кўпчиликмиз, ука-сингилларим ҳали ёш, уларниям ўқитиш, уйлаш-жойлаш керак. Отам Тошкентда қолишимга қаршимас, лекин онамни кўндириш оғирроқ. Қишлоқни нони – ўзимники, аспирантурада ўқиш бўлса қочмас”.

Хуллас, у кейинам ўзича ул-бул нарса “қоралаб” юрди, аммо аксар ижодкорларнинг бошига тушган прописка, бола-чақа, уй-рўзғор ташвиши сабабми, катта шаҳардан узилиб кетди.

...1999 йил эди, телевидениеда ишлардим. Суҳбат орасида шоир Ориф Тўхташ айтиб қолди: “Шодиёр деган жўрангиз салом айтди, бизнинг қишлоқда пахса ураётган экан шериклари билан, мактабни ташлаб кетибди, билим-савияси жудаям баланд-ку, бундай саводли муаллимлар шаҳри азимдаям топилмайди, ака”...

Бу кутилмаган хабар юрагимга ўн олти ботмон юкдек тушди, гўё. Олтмиш икки томиримнинг нечтаси узилиб кетди, билмайман. Кўнглимнинг бир четида “Йўқ, Шодиёр мактабсиз, ўқувчиларисиз яшолмайди, тирикчилик ташвишлари ўткинчи”, деган умид учқунлари сўнмаганди. Шундай бўлдиям, бир гал Тошкентга – курсдошлари билан учрашувга келганида кўришдик. “Ноилож, ўқитувчи халқининг меҳнати қадрсизланганидан кейин мактабдан кетишга мажбур бўлдим. Аммо бирор кун мутолаасиз яшаганим йўқ, кундузи лойҳандакда тиним билмай ишлайман, кечаси билан яна китоб, газета-журнал титкилайман, чидаб юрибман, барибир мактабни соғиндим, ошна, қайтмасам, ўлиб қоламан”.

Ниҳоят, 2003 йили Қўшработ туманидаги 35-мактабда она тили ва адабиёт фанидан ўқувчиларга сабоқ бера бошлаганини эшитиб, чинакамига севиндим. Энг қизиғи, кейинги 13 йил орасида биз, пойтахтдаги қадрдонлари қишлоқнинг, оиласининг кундалик ташвишларига кўмилиб қолди, деб юрганимиз Шодиёр Тўраев кутилмаганда бутунлай ўзгариб кетди. Гоҳи “Маърифат”да, гоҳида эса “Оила ва жамият” газеталари ё “Бошланғич таълим” ва бошқа журналларда унинг олий ўқув юртларига кирувчилар учун давлат тест маркази томонидан тайёрланган тест саволларидаги ғалати чалкашликлар, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун давлатнинг беҳисоб маблағлари эвазига қайта-қайта нашр этилаётган она тили ва адабиёт фанлари бўйича дарсликлардаги қўпол хатоликлар, тил ва лотин алифбоси атрофида юзага келган мураккабликлар, шунингдек, таълим-тарбия тизимидаги муаммолар ошкора очиб ташланган ўткир мақолалари мунтазам босиларди. Ҳатто унинг айрим чиқишлари нуфузли танловларда ғолибликка муносиб кўрилди, таълим йўналиши бўйича олиб борган изланишлари Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда туман халқ таълими томонидан тақдирланди.

...2019 йил 21 февралнинг рутубатли ҳавоси юракни эзарди. Қабристондан ортга маҳзун, эзгин хаёллар билан қайтаётганимизда ҳамқишлоқларидан бирининг айтган ушбу сўзларини эшитиб, кўзларим ёшга тўлди: “Кеча муаллимнинг дунёдан ўтганини 8-синфда ўқийдиган қизим эшитиб ҳўнграб йиғлаб юборди: “Дадажон, кечагина Шодиёр устоз кундалигимга иккита “беш” қўйганди, энди ким бизни ўқитади?!”.

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

***

Миллат келажаги учун яшаб ўтди

Шодиёр билан талабалик даврларимиз бирга ўтди. Лекин уни илк бор учратиб, танишган кунимни эслай олмайман. Назаримда, бир умр билгандай, болаликдан бирга катта бўлгандай эдик. Гаплари маънили, салмоқли, характери вазмин йигит эди. Бироқ недир гап ё ҳаракат қаттиқ таъсир қилса, ўша ички шиддат уйғониб, уни таниб бўлмай қоларди. Кўзларидан ўт чақнар, қадамлари илдам, қўл ҳаракатлари кескин, сўзлари кескир бўларди.

Ўйламасдан гапирмасликка ҳаракат қиларди. Айтган фикрини, албатта, исботи билан келтирарди. Ҳатто, зарурати бўлмаса ҳам. Унинг бу қилиғи, рости, баъзида менга оғир ботади. “Э, дўстим, исботлаш шарт эмас, мен, ахир, Сизга ишонаман, ҳатто, нотўғри айтсангиз ҳам барибир, Сиз тарафда бўламан!” дейман. У эса менга чағир кўзлари билан қаттиқ тикилиб: “Сиз бу фикрнинг исботини билишингиз шарт”, дейди. Кейин озгина ўйланиб: “Дўстга дўст бўлгани учунгина эмас, тўғри гапни айтгани учун ҳам ишониш бошқача бўлади”, дейди.

Бугунлар ўйласам, талабалик давримиз Шодиёр билан нуқул адабиёт ҳақида, бадиий асарларнинг яхши-ёмон жиҳатлари тўғрисида гурунг қилар эканмиз. Баҳсу мунозараларимиз ҳам шу мавзуда кечар экан. Шодиёр бирон китоб ё шов-шув бўлган мақола ўқиса, аввал шу борада бошқаларнинг фикрини эшитарди. Кейингина гўёки масалага охирги нуқтани қўйгандай салобат билан “Дўстим, масаланинг мағзи буёқда”, деб гап бошларди.

Яхшигина қалами бор эди. Ҳикоялар ёзарди. Ўйлаб топилган қаҳрамоннинг эмас, ўзининг ички дардларини битган битта ҳикояси жуда зўр чиқди. Ўзи ҳам, биз дўстлари ҳам бу ҳикоядан анча вақт ҳаяжонланиб юрдик. Шундан кейин яна битта ҳикоя ёзиб келди. Ўқитди. “Ўйлаб топилган одамнинг ўйлаб топилган ҳис-туйғулари акс этибди, Сиз ўзингизни ёзинг, чунки ҳозирча ёшмиз, ҳаётий тажрибамиз кам, бизнинг энг яхши биладиган мавзуимиз ўзимиз”, дедим унга.

Шодиёр менга бироз синовчан тикилиб турди. Кейин айтдики, “Дўстим, наҳотки Сиз ҳалигача мени яхши билмайсиз?! Мен ўзимнинг дардларимни достон қилиб яшаш учун келмаганман дунёга! Дардларим меники, ўзимники. Мен, ёзувчи бошқаларнинг дардини қаламга олиши керак, деб ҳисоблайман!”. Шахснинг бундай ички ишончига қарши бориш мумкин эмас. Шу боис мен ҳам бу борадаги гапларимни бас қилдим. Лекин Шодиёр шундан кейин бошқа ҳикоя ёзмади. Балким, ёзган бўлса ҳам, менга кўрсатмади. Ўйлашимча, у ўзи яхши билмаган мавзуда ёзиш, гапириш қийинлигини жуда тез англаб етган эди.

Шодиёр ўқишни битириб, қишлоғига қайтиб кетганида ҳарбийда эдим. Уйланиш тўйига ҳам боролмадим. Олис Сибир ўрмонларидаги қарағай тагида ўтириб мактуб битдим, тўйнинг тафсилотларини, келиннинг кимлигини ёзиб юборишини сўрадим. Икки энликкина жавоб олдим. Мазмуни шуки, тўй оддийгина, қишлоқча ўтди, одамлар еди, ичди, мазза қилди, мен эса давранинг тўрида эртанги куним қандай ўтади, дея ўйланиб ўтирдим. Келин бола ҳақидаги сўровимга “Менинг хотиним кимлигини ўзим билсам етади, бошқаларга буни билишнинг зарурати йўқ”, деб қисқа жавоб айтибди.

Кейин катта ҳаёт бошланди. Ҳар бировимиз ўз ташвишларимизга кўмилиб, аввалига ойда-йилда, кейин уч-тўрт йилда бир кўришадиган бўлдик. Билганим, Шодиёр жуда қийналиб яшади. Унинг кўнглида, ақлида адабиёт орзуси яшарди, ўзи эса мактабдаги маош камлик қилгани учун мардикорликка чиқиб кетди. Болалик дўстлари билан биргалашиб, лой тепиб, пахса урди, хари кўтариб, том ёпди, қирдан ер ўзлаштириб, узум экди. Табиийки, бу юмушлар билан рўзғор тебратса бўлади, лекин кўнгилдаги орзуни рўёбга чиқаришга имкон қолдирмайди у. Бугунлар ўйлашимча, жисман толиққан одам бадиий адабиёт мутолаасидан дам олиши мумкин, лекин ижод қилишга янги куч қолмайди.

Ўша қийинчилик йилларида бир тўй баҳона Қўшработга бордим. Содда, тўпори, дангалчи қишлоқ одамлари даврасида кўнглим яйради. Эртаси ҳув нарида савлат тўкиб турган Оқтовга жўнадик. Айни баҳор палласи эди. Далалардан асал ҳиди уфурарди. “О, асал ҳавони тўйиб сипқордим” (Абдували Қутбиддин сатри), дея шеър ўқишдик. Томдай улкан мармар харсанг тагида олов ёқиб, кабоб пиширдик. Шодиёрнинг дўстлари хизмат қилиб турди. Биз эса шеър базми, адабиёт базмини давом эттирдик.

Шодиёрнинг фикрлари жуда тиниқ эди. Турмуш уринишлари исканжасида кўнгил дағаллашмаган, аксинча, мулойим тортиб, бироз донишмандлик касб қилгандай туюлди. Гап орасида, дўстим, энди илмни, ижодни қайта бошламайсизми, дея сўрадим. Кўнгил ярасига тегиб кетганимни сездим. Шодиёр бир зум кабоб қўра ёнида уймалашаётган дўстларига боқиб турди-да, “Бу ерда ижод қилиш жуда қийин, одам ташвишдан ортмайди, Тошкентга эса кетолмайман”, деди. Кейин аста қўшиб қўйди: “У ёқда куним ўтмай қолади!”.

Турмуш уринишлари бир маррага етишиб, ўғиллари ёнига кириб қолгач, Шодиёр ота ҳовлини укаларига ташлаб, ўзига алоҳида бошпана қурди. Мактабга қайтди. Қўшимчасига эллик-олтмиш болага репетиторлик қилди. Шу аснода ўзбек тили ва адабиётидан дарсликларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар масаласини яхши ўрганди. Бу ҳақда аввалига давраларимизда гапириб юрган бўлса, кейинчалик улар ҳақида кўпдан-кўп мақолалар ёзди. Ўқитувчилар даврасида танилди.

Ижодга қайтибсиз-да, дедим ўшандаги учрашувлардан бирида. “Бу ижод эмас-ку, лекин шунга яқин бир нарса, деб умид қиламан”, деди Шодиёр.

Мен унга боқиб туриб, қорин қайғуси билан эмас, миллат келажаги ҳақида ўйланиб юрганлиги, шунинг йўлида қўлидан келганча ишлаётгани учун ўзидан жуда мамнунлигини сездим. Одам ўзини топса, қора қозонида сув қайнаса ҳам кўнгилга бахт ин қуришини тушундим...

Мусулмон НАМОЗ,

 адабиётшунос.

***

Қўлида “саводхонлик калити” бор эди...

Шодиёр Тўраев деганда Беҳбудий бобомиз орзу қилган, миллат болаларини комил инсонлар қилиб тарбиялашга умрини бахшида этган ва бу йўлда ҳар қандай қийинчиликни кўзга илмайдиган жонкуяр, ўз навбатида камтарин ва самимий муаллим сиймоси кўз ўнгимда гавдаланади.

Биз у билан таълим-тарбия муаммолари бўйича мунтазам фикр алмашиб турардик. Ўзи ҳам бинойидек қалам тебратарди. Шодиёр ака ҳар бир мақоласида, хоҳ дарсликдаги, хоҳ тестлардаги камчиликлар бўлсин, хоҳ ўқитувчилар малакаси бўйича муаммолар бўлсин, фикрларини асослаб ёзарди.

Юқори синфларга дарс берганлиги учун бир мақоласида ўқувчилар саводхонлиги илк мактаб ёшидан бошланиши кераклиги, бунда, аввало, муаллимнинг ўзи саводли бўлиши зарурлиги ҳақида қисқача баён этганди. Шу боис журналдаги фаолиятим сабаб муштарийларимиз – муаллимлар учун бешинчи синфга болалар қай даражада тайёр бўлиб ўтишлари зарурлиги, мавжуд ҳолат, муаммо ва камчиликлар, кўриладиган чора-тадбирлар хусусида мақола ёзиб беришини сўрадим.

Тажрибали устоз бу мавзуда фикри тўпланиб қолганлигини айтиб, таклифимни қабул қилди ва узоқ куттирмай “Саводхонлик калити” сарлавҳали методик материалини таҳририятга юборди.

У ортиқча сўз ишлатмасди, таҳрирсиз чоп этдик. Баъзи фикрларини эслагим келди: “Саводхонлик деганда, кўпчиликнинг назарида, имло қоидаларига риоя қилган ҳолда ёзма нутқни шакллантириш – тўғри, бехато ёзиш тушунилади. Бу тўлиқ тасаввур эмас, албатта. Саводхонлик, биринчи навбатда, ўқий олишдир. Бошланғич синфлар кесимида ўқувчи ёши ва индивидуал хусусиятлари инобатга олиниб, ишлаб чиқилган ўқиш тезлиги меъёрларига жавоб бера олмаган боланинг саводхонлиги ҳақида бирор нарса дейиш қийин... Ўқувчи қайсидир сўзни тўғри ўқий олмаса, тўғри ёза олиши ҳам даргумон. Бундан кўринадики, саводхонлик кўпчилик назаридаги тўғри ёзиш кўникмасидангина эмас, балки тўғри ўқиш ва ёзиш бирлигидан иборат муҳим босқичдир”.

Шодиёр Тўраев шу каби фикрлар билангина кифояланмайди. “Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, ҳамкасбларимга ўқувчи саводхонлигига эришишга ёрдам берувчи тўрт босқичли усулни тавсия этаман”, дея “Хатонинг олдини олиш”, “Хатони тузатиш”, “Қўшимча дарс” ва “Амалиёт”дан иборат ўзи яратган методикани журналхонларга ҳавола этди.

Унинг бу методикасидан бугун муаллимлар фойдаланмоқдалар.

Вафотидан икки ҳафта аввал ўзи ҳам дарслик ва қўлланмалар ёзаётганини ва яна бир олам режаларини жўшиб-жўшиб айтиб кетганди... Охирати обод бўлсин.

Йигирма беш йилдан буён муаллимлар билан мунтазам ишлаб келаётган журналист сифатида Шодиёр ака каби донишманд, вазмин, ўз касбининг устаси, шу билан бирга куйди-пишди зиёли муаллимларимиз кўпайишини орзу қиламан.

Ҳалим САИДОВ,

ЎзЖОКУ ўқитувчиси, филология фанлари доктори, профессор.

***

"ХХI аср" газетасининг 2024 йил 31 октябрь, 44-сонидан олинди.