Қўшработда Ўзбекистон кончилик саноати тарихида илк маротаба шахта чуқурлиги 1 000 метрга етди
Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган “Зармитан” саноат майдонида қазиш ишлари олиб борилаётган “Скип” ва “Клет” ҳаракатланадиган шахтанинг чуқурлиги 1 000 метрга етди. Бу ҳақда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ахборот хизмати zarnews.uz`га хабар бермоқда.
Шу муносабат билан Зармитанда анжуман ўтказилди. Таъкидланишича, Чехиянинг “Mine Construction Alliance s.r.o.” компанияси билан ҳамкорликда олиб борилган икки йиллик меҳнат натижасида Ўзбекистон кончилик саноати тарихида илк маротаба техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб ҳисобланган шахта чуқурлиги 1000 метрга, диаметри 6,5 метрга етди.
Айни пайтда кейинги босқичдаги ишлар давом эттирилмоқда. Лойиҳани 2023 йил март ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Бу келгусида ер қаъридан ҳар йили 850 минг тонна маъданни ер юзасигача чиқариш имконини беради ва маъдан қайта ишлаш учун 4-гидрометаллургия заводига етказиб берилади.
Тадбирда шахтани қазиш ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ишчи-ходимларга “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ маъмурияти томонидан “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов, Қўшработ тумани ҳокими Д.Шакарбоев, комбинат ва Жанубий кон бошқармаси раҳбар-ходимлари, “Mine Construction Alliance s.r.o.” компанияси ва ОАВ вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда “НКМК” АЖ ахборот хизмати.