Қозоғистонда COVID-19 нинг “Нигерия” штамми аниқланди

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойнинг айтишича, Қозоғистонда коронавируснинг Eta-(“Нигерия”) штамми мамлакатнинг тўртта ҳудудида аниқланган.

Унга кўра, вазирлик мамлакатда коронавируснинг турли штаммлари тарқалишини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг июль-август ойларида COVID-19 билан касалланган беморлардан олинган лаборатория намуналарининг ижобий кетма-кетлигини тузиш орқали коронавирус инфекциясининг генетик тадқиқотини ўтказди.

“Қозоғистон Республикасида 96 та намунадаги кетма-кетлик натижаларига кўра, Делта (ҳинд штамми) - 57 (59,4%), Британия-Alpha - 24 (25%), “Ухань”- 10 (10,4%) ва Eta-“Нигерия” - 5 (5,2%) штаммларининг циркуляцияси қайд этилди, - деб ёзди Цой Facebookда.

“Eta штаммининг пайдо бўлиши 2020 йил декабрь ойида маълум бўлди. Касалликнинг биринчи ҳолати Нигерия ва Буюк Британияда аниқланган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, 2021 йил 15 сентябрь ҳолатига кўра, Eta штамми дунёнинг 77 мамлакатида мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ажратган тоифаларига биноан, у “кузатишни” талаб қиладиган штаммлардан” - деди вазир.

У, шунингдек, янги штаммнинг клиник белгилари Alpha (“британча”) ва Beta (“жанубий Африкалик”) штаммлари билан бир хил - юқори иситма, йўтал, ҳид ва таъмни йўқотиш, жиддийроқ касаллик аломатлари бўлиши ҳақида маълум қилди.