Қозоғистондан Самарқандга мунтазам авиапарвозларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди
Қозоғистон Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Транспорт вазирлигида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро ҳамкорликда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. "Туркистон – Чимкент – Тошкент" тезюрар темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, "Мақтаарал – Дарбаза" янги темир йўл линиясини қуриш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари Берик Камалиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири в.б. Илҳом Маҳкамов ўртасида бўлиб ўтган музокараларда мамлакатлар ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш, янги парвозлар йўналишларини очиш, хусусан, Қозоғистон шаҳарларидан Самарқанд ва Урганч шаҳарларига мунтазам авиапарвозларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, томонлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда темир йўл қатновларини қайта тиклаш масаласини муҳокама этди.
Учрашувнинг иккинчи кунида томонлар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўз иш фаолиятни давом эттиришга келишиб олди.