Қумтор олтини: Экологиями ёки сиёсат?
Қирғизистон расмийлари Тянь-Шань тоғларида денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда жойлашган Қумтор олтин конини тўғридан-тўғри бошқаришни жорий этди.
Бишкек Канаданинг «Centerra» бошқарув компаниясини ҳалокатли оқибатларга олиб келган экологик нормаларни қўпол равишда бузганликда айблади. Тоғ жинслари чиқиндисининг тўғридан-тўғри атрофдаги музликларга ноқонуний ташланиши уларнинг деярли бутунлай йўқ бўлишига олиб келмоқда. Мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра, йигирма йил ичида 1 миллиард тоннадан ортиқ чиқинди жинслар музга ташланган.
"Энг катта хавф шундаки, чиқиндихона тўғридан-тўғри музликдан пайдо бўлган Петров кўли остида жойлашган. Бу кўлнинг ўпирилиш хавфи катта. Шунда бу сувлар чиқинди жойлашган сув омборини яксон қилади, у ерда тўпланган заҳарли моддалар эса дарёларга тушади", дейди экология ва иқлим давлат қўмитаси раиси Динара Қутманова.
Айни пайтда Канада компаниясидан 3 миллиард доллар жарима талаб қилинмоқда. Бунга жавобан канадаликлар банкротлик процедурасини бошлашди. Кон маъмуриятининг таъкидлашича, ҳатто соф экологик нуқтаи назардан ҳам барча айбни бошқарувчи ташкилотга юклаш нотўғри.
"Олимлар ўз ҳисоботларида нафақат Қумторда, балки бутун дунёда, жумладан Марказий Осиёда музликларга асосий таъсир айнан иқлим ўзгариши, исиши эканлигини таъкидламоқда. Шунингдек, Қумтор музлигида ҳам ҳаво ҳарорати кескин ошаётгани бор гап", дейди Қумтор конининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Олга Медоева.
"Қумтор" - Қирғизистондаги энг муҳим корхоналардан бири бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 10 фоизини таъминлайди. Бу кон атрофидаги биринчи можаро эмас. 2014 йилда катта қайта тузиш иши амалга оширилган эди. Шу сабабли, айрим таҳлилчилар Канада корхонаси ҳаракатларини оқламаган ҳолда Қирғизистон раҳбариятидаги чуқур коррупция ҳақида гапиришди ва ҳатто бу масалада Москва ёки Пекиннинг қўли борлигини тахмин қилишди. Уларнинг фикрича, агар Бишкек конни амалда миллийлаштириш жараёнини давом эттирса, улкан инвестиция йўқотиши ва ҳатто санкцияларга дуч келиши эҳтимолдан холи эмас.