Қуёш панеллари: Харид қилиш ва ўрнатиш дастлаб катта маблағ талаб қилади, аммо иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди
Очиғи, телеграм каналимиз ва сайтимизда бу мавзуда жуда кўп мақолалар берганмиз. Негаки, экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишга эътибор қаратишни бугунги кун, даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Жорий йилнинг 10 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланиб, барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳалла биноларини муқобил энергияга ўтказиш зарурлиги таъкидланган эди.
Айни кунларда вилоятимиздаги бир қатор корхона ва ташкилотлар биноларида муқобил энергия ишлаб чиқарувчи қулай ҳамда сифатли бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, электр энергияси тежалишига эришилмоқда. “Яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида корхона ва ташкилотларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини 25 фоизга қисқартириш бўйича дастурга мувофиқ, маъмурий ва ёрдамчи биноларда 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади. Уларнинг 360 таси қуёш панеллари, 240 таси қуёш сув иситиш қурилмаси бўлади. Ҳозиргача фақат вилоят ҳокимлиги биноси том қисмида 150 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, станцияга номинал қуввати 450 Вт бўлган 334 дона монокристалли қуёш панели ва 4 та инвертор жойлаштирилди. Мазкур станция йилига 341 минг кВт электр энергия ишлаб чиқариш билан бирга, атмосферага 1,1 тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олдини олади.
- Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, вилоятимизда 4 та қуёш станциялари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. - Жумладан, Нуробод туманидаги йилига 100 миллион кВт ток ишлаб чиқарувчи станция фойдаланишга топширилди. Чўпонота массивида Самарқанд туристик марказини ток билан таъминловчи 500 миллион кВтга мўлжалланган қуёш станцияси тез орада ишга тушади. Шунингдек, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида яна биттадан станция қуриш ишлари бошланган.
Бир неча йил илгари “ЎзБАТ” қўшма корхонаси томонидан юзлаб ургутликларнинг хонадонларда, шунингдек, Самарқанд ва Қўшработ туманларидаги қишлоқ врачлик пунктлари, мактаб ва болалар боғчаларида қуёш панеллари орқали сув иситиш батареялари ўрнатилган эди. Бошқармамиз ҳам ўз ҳисобидан 12 та кичик қуёш станциялари қуриб берди.
Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда унинг қуйи тузилмаларида ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, бошқарма биносининг том қисмига 45 та қуёш панели ўрнатилгани хизмат хоналарини тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконини бермоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари харид қилганларга компенсация тўланиши ҳақида қарор қабул қилингач, аҳоли орасида ҳам ўз хонадонларига ана шундай қуёш панелларини ўрнатишга бўлган қизиқиш ортди. Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалласи биносига қуёш панеллари ўрнатилгач, ҳозирда муқобил энергия қувватидан беминнат фойдаланилмоқда.
- Кейинги икки ой ичида 130 дан ортиқ маҳалла биноларида муқобил энергия ускуналарини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда, -дейди вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Ҳасан Турдиев. – Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги барча - 1126 та маҳалла биносини электр энергияси билан таъминлаш учун бир йилда 2 миллиард сўм маблағ сарфланади. Келгусида маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларига қуёш панелларини тўлиқ ўрнатиш билан улар тўлиқ энергия билан таъминланади.
Тан олиш керак, бугунги кунда юртимизда соҳани ривожлантириш асосан чет эл инвестицияси ҳисобига амалга оширилмоқда. Бироқ кичик қувватли, энергия тежовчи технологияларни жорий қилишда бошқа давлатлар кўрсаткичидан анча паст даражада қоляпмиз.
- Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатиш дастлаб катта маблағ талаб этса-да, улар кейинчалик иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди, - дейди Т.Ҳошимов. - Жисмоний шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилган. Уларни сотиб олган ва ўрнатган фуқароларга харид харажатларининг бир қисми белгиланган тартибда компенсация қилиниши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, “темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга қуёш панеллари бюджет маблағлари ҳисобидан ўрнатилиши белгилаб қўйилган. Бунда қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг эҳтиёжидан ортиқча қисмини давлатга сотиш амалиёти жорий этилмоқда. Ушбу ҳуқуқий механизм эса ўз навбатида энергия тежамкорлигини таъминлашни, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнларида хусусий сектор улушини кўпайтириш имконини яратади, аҳолининг даромадлари ошишига хизмат қилади.
Вилоятда шамол электр станцияларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Булунғур туманининг Юқори нуқтасида, Ургут, Нуробод, Пайариқ туманларидан ўтган шамол йўлларида шамол электр станциялари қуриш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун Нидерландия давлати тажрибасидан келиб чиқиб, баландлиги 70 метрли шамол станциялари ўрнатилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият олиб боради. Ушбу фаолият учун уларга солиқ ва мол-мулк имтиёзлари берилмоқда. Булунғур ва Ургут туманларида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида жойлашган беш юзга яқин хонадонда муқобил энергия манбалари жорий қилинади.
Дилмурод Тўхтаев.