Қуёш панелларини ўрнатиб, фойда олишни бошладингизми?
Вилоятимизда жорий йил 1074 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идорасида қайта тикланувчи электр манбалари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 795 ташкилотда жами қуввати 9,83 мВт бўлган қуёш панеллари ва 75,70 минг литр сиғимдаги гелио-коллекторлар ўрнатилди.
Шу кунгача барча туманларда давлат идораларида белгиланган режадаги қуёш панеллари ўрнатиб бўлинган бўлса, Самарқанд шаҳрида бу борадаги режа 68 фоизга бажарилган. Қуёш энергияси ёрдамида сув истиш қурилмалари, яъни гелио-коллекторлар ўрнатиш ишлари Пайариқ, Самарқанд, Ургут, Пахтачи туманларида суст кетмоқда.
Жумладан, 3751 та ҳовлида кичик қувватдаги энергия манбаларини ўрнатиш кўзда тутилган бўлса-да, вазифалар ўз вақтида бажарилмаяпти. Ҳозиргача, 17,53 мегаватт ўрнига 5,56 мегаватт қувватга эга бўлган қурилмалар ўрнатилиб, бу борадаги ишлар бор-йўғи 32 фоизга бажарилган. Туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатиш ишлари Пайариқ, Пахтачи, Паст Дарғом, Ургут, Қўшработ туманларида яхши ташкил этилмаган.
Хонадонларда қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш ускуналаридан фойдаланса бўлади. Жомбой, Нарпай, Оқдарё туманларида кичик қувватли гелио-коллекторларни ўрнатиш ишлари яхши ташкил этилган.
Жорий йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Вилоятдаги 6 та шаҳар ва туманда қурилган кўп қаватли уйларда қуёш панеллари ўрнатилади. Бироқ қурувчи ташкилотлар томонидан бу ишлар етарли даражада амалга оширилмаяпти. Ҳозиргача Самарқанд шаҳрида фойдаланишга топширилган 5 та кўп қаватли уйнинг 1 тасига, Пайариқда 1 та уйга қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, Жомбой, Нарпай, Оқдарё, Ургут туманларида бу ишга ҳали қўл урилган эмас.
Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан бугунги кунга қадар 50500 кВт ўрнига, 2820 кВт қувватга эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилган, холос. Деҳқон бозорлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, йирик савдо дўконлари ва бошқа корхоналар томонидан ҳанузгача бу каби қурилмалар қўйилмаган. Жумладан, энг кўп тадбиркорлар фаолият юритаётган Самарқанд шаҳрида 128 та ўрнига бор-йўғи 17 та хусусий корхонага қарашли биноларда қуёш панеллари ўрнатилган.
Каттақўрғон тумани Андоқсой маҳалласида яшовчи хусусий тадбиркор Ш.Эрназаров 0,7 кВт, 2-секторга қарашли Дўстлик маҳалласидан С.Ҳакимов эса 0,6 кВт қувватга эга қуёш панелларидан фойдаланиб келмоқда.
- Корхонамизга 0,7 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб, бир ойда қарийб 300 минг сўмлик электр энергиясини тежаяпмиз, - дейди хусусий тадбиркор Ш.Эрназаров. – Энди маҳсулотларимиз электр йўқлигидан бузилиб қолмайдиган бўлди. Ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияни эса давлатга сотамиз.
Президент қарорига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб умумий қуввати 100 кВт.гача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар сотган электр энергияси учун олган фойдадан ҳисобланадиган солиқни тўлашдан уч йил муддатга, қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатган бўлса, ўн йил муддатга озод этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, “Қуёшли хонадон” дастурига уланган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, ўзаро келишилган нархларда узоқ муддатли шартномалар асосида сотишлари мумкин.
Қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлар ягона энергетика тизимига узатилган ва истеъмол қилинган электр ҳажмининг ҳисоби биллинг тизимида юритилиб, ой якуни билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади.
Аҳоли ўрнатган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб узатилган энергиянинг ҳар бир киловатт-соати учун бюджетдан 1000 сўмдан субсидия ажратилади. Ушбу маблағ солиқ органлари томонидан ҳар ойда “Soliq.uz” мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк карталарига ўтказиб берилиши кўзда тутилган.
- Ҳозирда вилоятимизда аҳоли хонадонларига кичик қувватли, яъни, умумий қуввати 50 кВт.гача бўлган қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда, - дейди Самарқанд электр тармоқлари корхонаси АСКУЭ бўлими бошлиғи Темур Орипов. – Бу дастур ҳали янги бўлганлиги учун ҳам кўпчилик етарлича тушунчага эга эмас, мазкур дастурга аъзо бўлишга шошилмаяпти. Ҳозиргача, вилоятдаги 16 та юридик шахс дастурда рўйхатга олинган. Аҳоли томонидан ҳам 4 нафар фуқаро электрон тарзда ариза берган, холос. Аммо уларнинг хонадонларига бориб ўрганганимизда ҳали қуёш панеллари ўрнатилмаганлигининг гувоҳи бўлдик.
Яна бир гап. Сиз хонадонингизга қуёш панеллари сотиб олиб, ўрнатдингизми, албатта, “Қуёшли хонадон” дастурида электрон тарзда рўйхатдан ўтинг. Бу сиз сарфлаган электр энергияси ҳисобини юритиш, харажатни қоплашдан ташқари, қўшимча даромад ҳам келтиришини унутманг!
Дилмурод ТЎХТАЕВ.