Радиоэлектрон воситалардан фойдаланишда ҳам тартиб бор
“Ўзкомназорат” инспекцияси вилоят ҳудудий шуъбаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасидаги кўп қаватли турар-жой биносини қуриш жараёни ҳамда Самарқанд тумани жойлашган автомашиналарга ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирида жами 9 дона радиоэлектрон воситалардан (рация) рухсат этилмаган частоталарда фойдаланилгани аниқланди. Қонунбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 152-моддаси 1-қисмига мувофиқ, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ишларни кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги 801-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудуддида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни сотиб олиш (бериш)нинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш “Ўзкомназорат” инспекция томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунчиликка кўра, фуқаролар тегишли рухсатномага эга бўлган ёки фуқаролик мақсадларида фойдаланишда бўлган 446,0-446.2 МҲз частотада ишловчи радиоэлектрон воситалардан фойдаланиши мумкин.
Р.КАРИМОВ,
“Ўзкомназорат” инспекцияси вилоят ҳудудий шуъбаси мутахассиси.