Раматов, Ортиқхўжаев, Мавлонов… Яна бир қатор лавозим ўзгаришлари ҳақда хабар берилмоқда
Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига Акмалхўжа Мавлоновнинг маъқуллангани ҳақда расмий хабар берилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси телеграм саҳифасида эълон қилинди.
"2021 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига Акмалхўжа Мавлонов номзодини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар" дейилади хабарда.
Бунгача Акмалхўжа Мавлонов Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаётганди.
Шунингдек, ОАВ ҳукуматда яна бир қатор ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бош вазир ўринбосари бўлиши кутилаётгани айтилганди. Мазкур хабар ортидан kun.uz ўз манбасига асосланиб, Очилбой Раматов бош вазир ўринбосарлигидан кетиши мумкинлиги ҳақда ҳам хабар берди.
Бош вазир ўринбосарлигига қурилиш вазири Ботир Зокиров қайтиши тахмин қилинмоқда. Аммо мазкур хабарлар ҳозирча расман тасдиқланган эмас.