Рамазон – вужудни поклаш ойи
Қадимги мисрликлар ўз байрамларида рўза тутганлар. Хитойликлар баъзан оддий кунларда ҳам рўзадор бўлишган. Айниқса, бошларига ташвиш тушган кунлари рўза тутиш билан ўзларини овутганлар. Тибетда яшайдиган хитойликларнинг баъзи тоифалари йигирма тўрт соатлаб рўзадор бўлишади.
Юнонликлар рўза тутиш одатини қадимги мисрликлардан ўрганганлар. Улар кўпроқ аёлларни рўза тутишга даъват қилган.
Римликлар ва италияликлар душман бостириб келганда ғалаба қозониш учун рўза тутган. Яҳудийлар ҳам қайғу ва машаққатли, хавфу хатар пайдо бўлган кунлари рўза тутадилар. Мусо алайҳиссалом йилда қирқ кун рўза тутган.
Масиҳийлар пайғамбари Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбар бўлишидан илгари йилда қирқ кун рўза тутар экан. Исо алайҳиссалом яҳудийлар каби гуноҳларини ювиш учун бир кун рўза тутиб беришни фарз қилиб олган эдилар.
Ислом ҳам мусулмонларга рўза тутишни фарз қилади. Рўза фарзларининг далиллари:
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай деган: "Эй, иймон келтирган бандалар, сизлардан илгари ўтган халқларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутмоқлик фарз қилинди. Шояд рўза туфайли гуноҳлардан тийилсаларингиз. Рўза саноқли кунлардир" (Бақара сураси, 183, 184-оятлар).
"Рамазон ойи шундай ойки, унда одамларни ҳидоятга бошлагувчи, ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи оятларни ўз ичига олган ва ҳақу ноҳақни ажратиб берувчи Қуръон нозил бўлган. Рамазон ойига етишган кимса ўша ойда рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).
Рўза ҳақида Имом Бухорий ўз ҳадисларида ривоят қиладилар: "Рўзани ой кўрган кунингиздан бошлаб тутинглар ва янги ой кўришингиз билан рўза тутишни тўхтатинглар".
Мазкур оят ва ҳадислар Рамазон ойида рўза тутишнинг фарз эканлигидан далил ва ҳужжатдир.
Рўзанинг қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, ундан асосий мақсад кўнгилни мусаффо қилиш ва вужудни поклаб олишдир.
Саид-Жамол Мир-Жаъфаров,
шарқшунос, арабшунос олим.