Рассом учун асарлари гапиради
Ўзбекистон Бадиий академияси Самарқанд бўлими, вилоят “Ногиронлар” ва “Ногирон аёл” жамиятлари ҳамда Самарқанд шаҳар маданият бўлими ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги “Чорсу” галериясида “Олтин мўйқалам” кўргазмаси ташкил этилди.
“Устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил этилган кўргазмада Самарқанднинг таниқли рассоми Саид Солиев ва унинг истеъдодли шогирди Манучеҳр Аҳтамжоновларнинг бадиий ижод ва тасвирий санъат асарлари намуналари намойиш этилди.
С.Солиев чизган расмларни томоша қилар экансиз, рассом яратган ҳар бир асарида унинг борлиққа бўлган муносабати, ўй-фикрлари, дунёқараши акс этганига гувоҳ бўласиз. У ижодида қайсидир маънода ўзини ва ўзлигини, дунёни қандай кўраётганини ва қандай кўрмоқчи эканлигини намоён этади. Томошабин эса ушбу картинага ўз дунёсидан келиб чиқиб нигоҳ ташлайди. Шунинг учун ҳам яратилган асарлар турлича талқин қилинади, ҳар кўрганда янгича жилоланаверади. Шу боис ҳам рассом учун асарлари гапиради, дейишади.
Ёш рассом М.Аҳтамжонов қоғозга муҳрлаган расмларда ҳам ўзгача фалсафа мужассам. У атрофдаги воқеликни кўринганидек эмас, балки бундан чиқарилиши лозим бўлган хулоса билан биргаликда ифодалашга интилган. Асарларида натюрморт билан бирга инсонлар ҳаёти, турмуш тарзи, миллий қадриятларга муносабат яққол сезилади.
Кўргазма 1 ноябргача давом этади.
Акрам БЎРИЕВ.