Регистон ансамблини келажак авлодга асл ҳолида етказиб беришимиз керак

Самарқанднинг Регистон ансамбли шарқ меъморчилигининг барча жозибасини ўзида мужассам этган бебаҳо иншоотдир. 

Регистон мажмуаси Мирзо Улуғбек мадрасаси (1417-1420 йил), Шердор мадрасаси (1619-1636 йиллар) ва Тиллакори масжид-мадрасаси (1647-1660 йиллар)дан ташкил топган бўлиб, амалда ер участкасининг майдони 6 гектар, шу жумладан, қурилиш остидаги майдони 1 гектардан иборат.

Мажмуадаги Шердор мадрасасининг ташқи деворлари хароба ҳолга келиб қолгани сабабли 1991 йилдан 1993 йилгача унинг ташқи деворининг шарқий томони рангли сирли кошинлар билан қайта тикланди. Бундан ташқари, унинг бошқа безатилган фасад қисмининг 80 фоизи қайтадан таъмирланди.

1993 йилдан бошлаб Регистон ансамблидаги мадрасаларнинг том қисмини темир тунука билан қоплаш ишлари бошланди. Энг биринчи қадам Тиллакори мадрасасининг масжид гумбази атрофидаги қисмдан бошланди. Чунки Тиллакори гумбази остидаги масжиднинг намлиги боис ўша йилнинг баҳорида маълум сабаблар ва ерости сувларнинг кўтарилиши натижасида пойдевори чўка бошлади, деворларда ёриқлар пайдо бўлди. Ушбу иш ўз натижасини бергандан сўнг, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг том қисми оқ тунука билан қопланди. 

1994 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва ЮНЕСКО ташкилотининг ташаббуси билан Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик юбелейини ўтказиш режалаштирилди. Унга мувофиқ, Мирзо Улуғбек билан боғлиқ барча тарихий обидаларда таъмирлаш, реставрация қилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши керак эди. Шу жумладан, Регистон ансамблининг Мирзо Улуғбек мадрасасида ҳам кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш белгиланди. Мадраса ўша даврда жуда ночор ҳолатда эди. Самарқанд шаҳри сейсмик зонада жойлашганлиги сабабли бу ерда бўлиб турадиган ер силкинишлари, иссиқ иқлим шароити, кучли шамол таъсирида минораларнинг тебранишлари ва бошқа ташқи муҳит таъсирлари оқибатида мадрасанинг иккинчи қавати бутунлай вайрона ҳолатга келиб қолган эди. Мадрасани  комплекс таъмирлаш ишларига республикамизнинг Хоразм, Фарғона, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан келган 250 нафардан ортиқ таъмирловчи усталар ишга жалб қилинди. Бу ишларга бош меъморлар Рафаэл Эшмуҳамедов ва Эгамберди Нуруллаев бош бўлди, улар лойиҳага кўра ҳовлидаги пештоқ ва ҳужраларини реконструкция қилиб, қайта бунёд этди.  

Ҳозиргача ташриф буюрадиган зиёратчи ва сайёҳларни қизиқтирадиган саволлардан бири, бу мадрасалардаги тарновлардан оқиб келган қор-ёмғир сувларининг қаерга кетишидир. Ўша йилларда Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлиси ўртасидаги сув тортадиган қудуқни ўрганиш давомида унинг чуқурлиги 16,5 метр, диаметри 2,2 метр эканлиги маълум бўлди. Қудуқнинг атрофи тўртбурчак ғишт билан терилган бўлиб, ҳар икки метрда ғиштли безаклар билан безатилган эди. Йиллар давомида тупроқ ва ҳар хил чиқиндилар келиб қуйилиши натижасида қудуқнинг туби кўринмай, унинг тўлишига  170 см. қолган эди. Шунда усталар қудуқни тозалаб, ғишт деворларини қайтадан таъмирлаб, сувни қочириш мақсадида қудуқнинг паст деворининг 2,5 метрли қисмини конус шаклида териб, тўрт томонидан тешиклар қўйди.

2001 йилда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2004-2006 йиллар давомида Германиянинг Потсдам қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти мутахассисларининг тавсияси ва грантига асосан Тиллакори мадрасаси масжидининг гумбази оғирлигини инобатга олиб ҳамда пойдеворлари чўкишининг олдини олиш мақсадида масжиднинг икки кириш томонида ҳозирги саҳндан 12 метр чуқурликда жойлашган қумли қатламгача қудуқлар қазиб, темир-бетон қоришмасидан “этикча” қуйилди. Ажабланарлиси, жанубий-шарқий қудуқнинг 3 метр чуқурлигидан археологик топилмалар, яъни 60 га яқин сопол идиш бўлаклари ва мадраса-иншоотларнинг фасадида ишлатилган ўйма декоратив қисмлари топилган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, топилмалар XV-XVI асрларга тааллуқли. Ҳозирги кунда ушбу топилмалар Тиллакори масжидида яратилган “Самарқанд тарихий суратларда” номли кўргазмадан ўрин олган. Демак, ушбу топилмалар шундан дарак берадики, Тиллакори мадраса-масжиди Улуғбек томонидан XV асрда қурилган Карвонсаройнинг пойдевори устидан барпо қилинган экан.

2011 йилда Регистон ансамбли маъмурияти яна катта таъмирлаш ишларини бошлаб юборди, яъни Шердор мадрасаси бош пештоқининг чап томонида жойлашган дарсхонани таъмирлаш, китобаларни қайтадан тиклаш ва давомини эпиграфик ёзув билан тўлдириш ишлари амалга оширилди. Ушбу машаққатли ва ижодий таъмирлаш жараёни 3 йил давомида самарқандлик таъмирловчи усталар Эркин ва Ражаб Маъруповлар томонидан олиб борилди. 

2012 йилда республикамизда маданий мерос объектларини таъмирлаш ва консервация қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режага асосан Шердор мадрасасининг ички ҳовлисидаги катта тўрт пештоқни таъмирлаш белгиланган эди. Ўша даврда ушбу мукаммал ишни комиссия кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган Баҳрилло Абдуллоев раҳбарлигидаги “Самарқанд-Таъмир” корхонасига топширди. 2015 йилгача давом этган ушбу кенг кўламли таъмирлаш ишлари давомида пештоқларнинг араб ёзувларини тиклашда самарқандлик машҳур хаттот Абдужалил Эргашевнинг хизматлари беқиёс бўлди.

Бундан ташқари, 2013 йилда Регистон ансамбли Шердор мадрасасининг иккала катта қовурғали гумбазлари сирланган кошинлар билан таъмирланди.

2014 йилга келиб, Регистон майдонида кўпгина нуфузли оммавий тадбирлар ўтказилиши муносабати билан майдон сатҳи янги лойиҳа асосида қайта қурилди. Энг катта ютуқлардан бири бу майдон ўт-газонлардан иборат гулхоналардан тозаланиб, катта қайроқ тошлардан иборат майдон ўрнига замонавий сув оқова тизими яратилиб, гранит тош терилди.

Регистон мажмуасида сайёҳларнинг кечки бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун 2015 йилда Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган 3D шаклидаги Самарқанд тарихига бағишланган нурли-овозли шоу тизими ўрнатилди. Бундан ташқари, Регистон мажмуасининг 2020 йилда янги ишлаб чиқилган веб-сайти www.registan.uz манзили билан интернет тармоғига жойлаштирилди. Ушбу веб-сайтда Регистон мажмуаси тарихий обидалари ҳақидаги маълумотлар, суратлар, бу ерда бўлаётган кундалик янгиликлар, ўтказилаётган тадбирлар, тарихий ва замонавий фотосуратлар галереяси, мажмуага доир илмий китоблар, мақолалар, маърузалар жой олган.

Ҳозирги кунда Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш мустақил дирекциясининг олдида турган асосий муаммолардан бири, бу XV-XVII асрнинг ноёб дурдоналаридан бўлган Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини мукаммал таъмирлаш масаласидир. Сабаби, ушбу обидаларнинг баъзи жойлари намлик, иссиқлик ва шамол таъсирида хавфли ҳолатга келиб қолган.

 Мақсадимиз - аждодларимиздан мерос бўлиб, шарқ меъморчилигининг барча жозибасини ўзида мужассам этган меъморий ёдгорлик, яъни халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланган Регистон ансамблини келажак авлодга асл ҳолида етказиб беришдан иборат.

Хонқул Самаров, Регистон ансамбли директори.

Азамат Саматов, директор ўринбосари. 

Раҳим Қаюмов,  илмий ходим.