Регистондаги дийдор аскар оналарига кутилмаган совға бўлди
Анъана тусига кирган учрашувнинг бу галги иштирокчилари ҳарбий хизматни азим Бухорода ўтаётган ўғлонлар ва уларнинг оналари бўлди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан "Аскар оналарига эҳтиром" шиори остида ташкил этилган учрашув қатнашчилари Регистондаги дийдорлашувдан сўнг Биринчи Президентимиз И.Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Бир пиёла чой устида кечган суҳбатда аскарларнинг бугунги яшаш тарзи, уларга қўйилаётган талаблар хусусида сўз борди.
– Нафақат ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, балки уларнинг оналари, яқинларига ҳам бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими раиси М.ўафурова. – Ҳарбий хизматни ўтаб келган йигитлар ўша оиланинг фахрига айланиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун етарли шароитлар яратилаётир. Шунинг учун бугун оналар ҳарбий хизматдаги ўғилларидан кўнгли хотиржам, уларнинг муваффақиятларидан қалби ғурурга тўлиб гапиради.
Ўғлининг Ватан ҳақидаги шеърини катта залда эшитиб, қалби фахрга тўла оқдарёлик Феруза опанинг кўзларидан ёш чиқди. "Дадаси, ўғлимизнинг ўзгарганини сездингизми?", дейди нигоҳи порлаб турмуш ўртоғига. Аскар кийимларини силаб-силаб қўяди Тойлоқдан келган Замира опа Тоштемирова ўғлининг бўй-бастига тикиларкан.
– Тақдир экан, ўғлим бу дунёни эрта тарк этди, – дейди Самарқанд туманидан келган Ҳалима Қурбонова. – Шунинг учун неварам Аҳмаджонни ўзим ўстирдим. У дадаси ҳаёт пайтидаёқ "Дадажон, мен албатта ҳарбий бўламан", деб айтарди. Улғайгач ҳам шу гапларини унутмаган экан, пойтахтимизда ҳарбийликка ихтисослашган мактабда таҳсил олди, ҳозир Бухорода ҳарбий хизматни ўтаяпти.
Самимий изҳорлар, қувонч ёшлари, кўнгилдаги фахр, ғурур, ҳаяжон, эсдалик суратлари – учрашув шундай лаҳзаларга бой ўтди.