Россия Беларусга қўшин киритадими? Путин жавоб берди

Беларусдаги экстремистик унсурлар чегарадан ўтиб, тартибсизликлар бошламагунча Россия кучлари мамлакатга киритилмайди. Бу ҳақда 27 август куни Россия президенти Владимир Путин “Россия 24” телеканали бошловчиси Сергей Брилевга берган катта интервьюда маълум қилди.

“У (Россия Федерацияси томонидан, Александр Лукашенко илтимосига биноан ташкил этилган, Беларусга ёрдам кўрсатиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларидан ташкил топган захира) вазият назоратдан чиқишни бошламагунча ишлатилмайди. Қачонки, сиёсий шиорларни ниқоб қилиб олган экстремистик унсурлар маълум бир чегарадан ўтмагунча, шунчаки талон-торож қилишга, автомобиль, уй, банкларни ёқишга киришмагунча, маъмурият биноларини қўлга олишга ва бошқа нарсаларга уринмагунча ишлатилмайди”, деди Путин.

Шунингдек, Путин Россияни Беларусь олдидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) доирасидаги мажбуриятлари борлиги ҳақида эслатиб ўтди.

Шундан сўнг Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши, Россия қуролли кучларидан ташкил топган кадрлар захирасининг Беларусга ёрдам учун қўлланилишига йўл қуйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Беларусь мухолифати вакилларининг сўзларига кўра, бундай захиралар юборилиши халқаро ҳуқуқ ва мамлакат фуқаролари позициясига тўғри келмайди.

“Мувофиқлаштириш кенгаши (Беларусь мухолифати) Россия Федерацияси ёки бошқа бир давлат ҳудудида ташкиллаштирилган қуролланган гуруҳлардан Беларусь ҳудудида фойдаланишга йўл қуйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди”, дейилган кенгаш сайтида эълон қилинган хабарда.