Россия Давлат думасида мамлакат армиясининг Қорабоғга киритилиши эҳтимоли йўқ эмаслиги айтилди

Россия Давлат думаси МДҲ масалалари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги вазиятга муносабати йўналишларидан бири Россия десант қўшини операцияси бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ҳақда 22 октябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

Депутатнинг сўзларига кўра, минтақадаги тинчликни Озарбайжон ва Туркия бузди. Шу сабабдан ҳам уларга собиқ иттифоқ ҳудудида қайси давлат етакчи бўлиб қолаётганлигини эслатиб қўйиш керак. Шу билан бирга, у Москва айнан шундай йўл тутиши лозимлигига ишончи комил эмаслигини тан олди. Бироқ эҳтимоллардан бири десант қўшини операцияси бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) йўлланган мурожаат асосида Арманистонни, Тоғли Қорабоғни эмас, айнан Арманистон ҳудудини десант қўшини операцияси, ҳаво тўсиқларини очиш орқали ҳимоя қилиш чораларини кўриш зарур”, санаб ўтди Затулин.

У агар зарурат туғилса, Россия Грузияга унинг ҳаво ҳудуди орқали Арманистонга зарурий куч ва воситалар етказилишини тушунтириш кераклигини қўшимча қилди.

“Бу мажбурий чора. Сабаби, сўз бутун Кавказ бўйлаб жангариларнинг кўпайиб кетиши ҳақида бормоқда. Бунинг оқибатида Россия ҳам, Грузия ҳам ва бошқалар ҳам жабр кўради. Арман аҳолиси учун оммавий хавф туғилмоқда. Биз чора кўришимиз даркор”, деб алоҳида таъкидлади Затулин.