Россияда мураккаб вазиятда қолган 7 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди

Самарқандлик Л.К ва хоразмлик Ж.А уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан ишсиз, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз молиявий қийин аҳволда қолган.

Бундан ташқари, андижонлик Х.А ишлаш мақсадида жорий йилнинг май ойида Россияга борган. Бироқ саломатлиги ёмонлашгани сабабли ишлай олмаган.

Шунингдек, самарқандлик А.А Москва шаҳрида бахтсиз ҳодиса туфайли автоҳалокатга учраган. Ушбу фуқарога Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан даволанишга ёрдам берилиб, вақтинчалик яшаш учун хостелга жойлаштирилган.

Мазкур фуқароларга Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик идоралари томонидан "Ватанга қайтиш гувоҳномаси" расмийлаштириб берилди.

31 май куни Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Москва-Тошкент, Санкт-Петербург-Тошкент авиарейслари орқали Ўзбекистонга қайтарилди.

Уларни Тошкент халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Халқаро миграция ташкилоти ходимлари кутиб олиб, ўз манзилига кузатиб қўйди.