Рўзғор - аёлнинг "ижодий асари". Аммо уни қайсидир аёл уддалаяпти, қайсисидир йўқ

Ёзнинг жазирамаси. Хотин-халажнинг - бари кўчада. Кўп қаватли уй олдидаги ўриндиқда 4-5 аёл гапхона қуриб ўтирибди. Лекин улардан иккисини бу ерда деярли ҳар куни, эрталабдан кечгача "гап сотиб" ўтирганини кўриш мумкин.
Бир куни чидолмадим, хафа қилиб қўймай деб, иложи борича юмшоқроқ оҳангда қизиқиб сўрадим:
- Сизларга одамнинг "ҳаваси" келади, уйда қиладиган ишингиз йўқдек гўё?.
- Уйдами?.. Қизлар бор (улар 10-11 ёшда), барча юмушни қилиб ўтиришади, - деди улардан бири мамнун жилмайиб.
Ўйлаб қоласан киши. Улар уй юмушларини бажаришга қандай вақт топаркан, қизларига уй-рўзғор тутуми-ю тартибини, яхши урф-одат ва тарбияни қачон ўргатаркан?
Яна бир бошқа аёл эса унинг бутунлай тескариси: ким биландир узоқ вақт гаплашиб турганини кўрмайсиз. Уй-рўзғор юмуши, фарзанд тарбиясидан ортмайди. Аёлнинг сариштаси — рўзғорнинг фариштаси, деганларидек, уйи ҳам рисоладагидек, тоза-озода, тартибли...
Уйда тартиб, тозалик бўлса, барака инади. Қадимда ота-боболаримиз "Тоза-озода жой - фариштали жой", деб бежиз айтишмаган. Улар чиқинди, шамма, кул, мағзава, олинган соч-соқолни ҳар жойга ташлашни бехосият, увол деб билишган. Аслида эса ўша пайтлардаёқ мағзава ёки кул экологияга зарар етказишини англашган. Шу орқали атрофдагиларни тозаликка, саришталикка чорлаган.
Ҳозир-чи? Айниқса, янги қурилган уйлар атрофини кўриб таъбингиз хира бўлади. Улар уйи атрофини супуришга, эшиги ости - бўсағасини ювиб, тозалашга ҳафсала қилмайди. Ўзи истиқомат қилаётган жойни шундай сақлаган одамнинг уй-рўзғор тутуми, фарзандга ибратини тасаввур қилаверинг.
Машҳур инглиз ёзувчи ва драматурги Агата Кристи айтганидек, уй - бу аёлнинг катта бир "ижодий асари" - у аёл ва унинг оиласи учун асосий куч ва илҳом манбаи бўлиши керак. Бу "асар" кўзгу мисоли. У қандай яшаётганингиз, тартиб-интизомингиз, нимани ҳис қилаётганингизни аниқ акс эттиради.
Ҳақиқий аёл уйни кўркамлашдан эринмайди, у уйнинг фарроши эмас, балки бекаси бўлиши керак. Бундай уй, албатта, ҳарорат, ёруғлик, хотиржамлик, бахт ва қувонч бахш этиши бегумон.
Гулнора ХОЛДОРОВА.