Саккиз соатда 300 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати, муаммоси, дарди эшитилди, ҳал этиш чоралари кўрилди

Аввал хабар берганимиздек, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказди. Қабул давомида ҳокимга 300 га яқин фуқаро ўз муаммолари билан мурожаат қилди.

Очиғи, мурожаатларнинг аксариятини уй-жой олиш, шунингдек, уйларнинг олди-сотди, кадастр масаласи ташкил этди. Ҳоким сайёр қабул давомида кўпчилик мурожаатчиларга жавоб бўладиган бир фикрни бот-бот такрорлади:

- Тан оламиз, уй-жойга муҳтожлар кўп, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар орасида. Аммо қонун-қоида битта. Вояга етган ва қўлидан иш келадиган фарзандлари бор, II гуруҳ ногирони бўлган фуқароларга уй-жой берилмайди. Қонунчилик талабларига кўра, уй-жойлар турар жойи йўқ, ижарада ёки яшаш учун яроқсиз уйда, бошқа оила билан битта хонадонда яшайдиган, кўп болали, оғир касалликка чалинган боласини парваришлаётган хотин-қизларга имтиёз билан берилади. Шу билан бирга, ўзи касаллиги боис алоҳида хонада яшашга эҳтиёжманд ва I гуруҳ ногирони бўлган ёлғиз аёллар бундай имтиёзга эга бўлади.

Шунингдек, сайёр қабул давомида аҳоли томонидан йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, ичимлик суви, газ таъминотидаги муаммолар, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, тадбиркорлик қилишга кўмак бериш каби масалалар юзасидан мурожаатлар тушди.

- Шу йилнинг февраль ойида тадбиркор маҳалладошларимдан бири ҳудудимизда болалар боғчаси ташкил этиш учун тасарруфимдаги кўчмас мулкни банкдан кредит олиш учун яқин муддатда қайтариш шарти билан гаровга сўради, - дейди оқдарёлик Раҳматулла Кўбаев. – Эзгу ишга қўл урганидан хурсанд бўлиб рози бўлдим. У тез орада банкдан кредит олди ва фаолиятини йўлга қўйди. Аммо неча марта сўрасам-да, кўчмас мулкни қайтармади. Билсам, у банкдан кредитни 15 йилга олибди ва шартномага кўра, кўчмас мулк шунча муддатдан кейин қайтарилар экан. Хуллас, муаммо чигаллашиб, тадбиркорнинг ўзидан ҳам, мутасадди идоралар раҳбарларидан ҳам айтарли жавоб ололмадим. Шунинг учун бугун вилоят ҳокимига учрашдим, масала тез кунда ҳал этиладиган бўлди.

Сайёр қабулда вилоят ҳокими Р.Кўбаев каби ҳар бир фуқаронинг мурожаатига алоҳида эътибор қаратди, одамлар дардини тинглади, ўртага ташланган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни эса қисқа фурсатларда ҳал этиш чораларини кўрди. Мутасадди раҳбарларга аниқ муддатни белгилаган ҳолда қатъий вазифа ва топшириқлар берди.

Акрам ҲАЙДАРОВ.