Самарқандлик талаба илк бор ўтказилган "Йил талабаси" ғолиблари сафида

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан илк маротаба ўтказилган “Йил талабаси” танлови ғолиблари аниқланди. Танлов олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 3 босқичда ўтказилиб, унда жами 316 нафар ёшлар иштирок этди.

Пойтахтимизда “Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси”,  “Йилнинг энг ташаббускор талабаси”, “Йилнинг ихтирочи талабаси”, “Йилнинг спортчи талабаси”, “Йилнинг ижодкор талабаси” каби номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Самарқанд давлат университети талабаси Ҳулкар Худойбердиева  “Йилнинг ижодкор талабаси” номинацияси бўйича 3-ўринга муносиб кўрилди.

Танлов низомига мувофиқ равишда ҳар бир номинация бўйича 1-ўрин соҳиблари танлов статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, 2-ўрин соҳиблари энг кам иш ҳақининг 8 баробари миқдорида, 3-ўрин соҳиблари энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирландилар.