Самарқанд аэропорти ҳақида тарқатилган хабарга аниқлик киритилди

Жорий йилнинг 19 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Самарқанд аэропортида божхоначилар фуқаролар юкини гувоҳларсиз ноқонуний очиб текширмоқда” сарлавҳаси остида хабар ва видеотасвир тарқатилган. Ушбу хабар ва видеотасвир бўйича Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди.

Маълумки, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамиздаги барча халқаро аэропортларда жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди.

Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида ҳам 2018 йил 1 январдан бошлаб икки йўлакли тизим тўлиқ амалиётга татбиқ этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида халқаро парвозлар учун очиқ аэропортлардаги йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда багажни топшириш жойларида, багажда олиб ўтиладиган товарларга нисбатан божхона қонунчилиги бузилишларига риоя этилиши, шунингдек, бундай қонунбузарликларни содир этган шахсларни ўз вақтида аниқлаш имконини берадиган шароитлар яратилган ҳоллардагина “яшил” ва “қизил” йўлакларни жойлаштиришга рухсат этилиши белгиланган.

Самарқанд халқаро аэропортининг кириш ва чиқиш залларида йўловчиларни божхона назоратидан тез ва сифатли ўтказиш учун замонавий рентген аппаратлари ўрнатилган. Мазкур техник воситаси ёрдамида фуқароларнинг қўл ва багаж юклари бирма-бир эмас, балки монитордаги тасвирлар бўйича тақиқланган ёки божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган товарлар мавжуд бўлиши мумкинлигига шубҳа туғилган ҳоллардагина айрим багажлар эгаси иштирокида кўздан кечирилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеотасвирда хориждан учиб келган йўловчилар багажлари божхона ходими томонидан рентген аппаратидан ўтказилмоқда. Бунда багажлар божхона ходими томонидан йўловчи ёки холислар иштирокисиз очиб текширилаётгани йўқ, балки барча багажларни бирма-бир очиб текшириш амалиётини истисно этган ҳолда улар ичидаги нарса-буюмлар рентген аппарати ёрдамида кузатилмоқда.

Ушбу рентген аппарати мониторидаги тасвирларга кўра, ичида тақиқланган буюмлар ёки божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган буюмлар мавжуд бўлиши мумкинлигига шубҳа уйғотган 1 та багажни кейинчалик ташқарида божхона ходими ва юк эгаси иштирокида кўздан кечириш учун қизил скотч билан белги қўйилганлик ҳолати видеотасвирда акс этган.

Бу каби назорат шакли “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинган барча давлатлар божхона амалиётида кенг қўлланилади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Самарқанд халқаро аэропорти орқали жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 286 212 дан ортиқ йўловчилар ҳаракатланган. Шундан 278 363 нафари, яъни 97,3 фоиз йўловчи “яшил” йўлак орқали ўтган. 7 849 нафари, яъни бор-йўғи 2,7 фоиз йўловчи “қизил” йўлакдан ҳаракатланган.

Афсуски, айрим йўловчилар томонидан юртимиз халқаро аэропортларида яратилган ушбу имкониятларни суиистеъмол қилганлик, божхона қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 162-моддасида жисмоний шахснинг яшил йўлакдан ўтиши божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости томонидан 2019 йилнинг шу кунига қадар жами 201 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 1 038,3 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг аксарият қисми айнан “яшил йўлак”ни танлаган йўловчилар томонидан содир этилган. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатларидан 6 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Халқимизда “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар”,  деган доно гап бор. Шундай экан, яратилган имконият ва қулайликлардан тўғри фойдаланиш, қонунларни ҳурмат қилишимиз лозим бўлади.