Самарқанд давлат университетида юриспруденция йўналиши ёпилди
Президентнинг 2020 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғридаги” фармонига биноан Самарқанд давлат университетида юриспруденция йўналиши очилган эди.
Янги ўқув йилидан ушбу йўналишда талабалар қабул қилинмайди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида университет проректори Аҳмаджон Солиев маълум қилди. Бунга ушбу йўналишда табақалаштирилган тўлов-контрактда ўқишни истовчилар сони кескин ошгани сабаб бўлган.
- Самарқанд давлат университетида бу йил “ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, ўрмончилар фарзандлари учун ижтимоий иш (оила ва болалар билан ишлаш)” йўналиши очилди, - деди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев. – Шунингдек, 20 июндан бошлаб университетда қабул комиссияси ва унинг таркибида Call ва маслаҳат марказлари ташкил этилди. Call ва маслаҳат марказларида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари мурожаатларини бевосита ва телефон орқали қайд этиш йўлга қўйилган. Шу кунгача телефон орқали 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, маслаҳат маркази орқали 50 дан ортиқ фуқаро тўғридан-тўғри мурожаат қилган.
2023-2024 ўқув йилида университетнинг кундузги таълим шаклида давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари бўйича жами 1699 та ўрин ажратилган. Шундан 645 таси давлат гранти ва 1054 таси тўлов-контракт асосида қабуллар амалга оширилади.
Магистратурага 45 мутахассислик йўналишлари бўйича 524 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 428 таси давлат гранти асосида, 96 таси тўлов-контракт асосида қабул қилинади.