Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти Беларусь Республикасидаги Полоцк давлат университети билан ҳамкор бўлди
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти вакиллари яқинда Беларусь Республикасига сафари давомида Полоцк давлат университети билан ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзолади.
Институт матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур шартномага асосан, 2019-2020 ўқув йилида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит”, “Логистика”, “Бизнес-маъмурлаштириш” магистратура йўналишлари бўйича қўшма дастур ташкил этилди. Мазкур йўналишларнинг ҳар бирига 10 нафардан магистр ўқишга қабул қилинади ва улар бир йил Самарқандда, бир йил Полоцкда таҳсил олади.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб институтда “Электрон маркетинг”, “Логистика”, “Иқтисодиётда ахборот технологиялари ва тизимлари (бухгалтерия ҳисоби)” бакалавр йўналишларида 50 нафардан талаба қабул қилиш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, академик тайёргарлик бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, биргаликда илмий ва инновацион семинар ва конференциялар ўтказиш, илмий-тадқиқотлар бўйича биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма тадбирлар ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.