Самарқанд кўркамлашяпти, бунда сизнинг ҳиссангиз ҳам борми?

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби кўҳна заминимиз ҳам ҳозирги кунда чинакам бунёдкорлик майдонига айланган. Шаҳару қишлоқлар, маҳаллаю гузарлар - ҳамма жойда қурилиш, яратиш, ободончилик давом этмоқда.

Хусусан, ШҲТ саммити баҳонасида Самарқанд шаҳрида замонавий шаҳарча барпо этилди. Шунинг баробарида Фарҳод, Кимёгарлар, Сўлим шаҳарчалари ҳам кенгайиб, замонавий тус олди. Дунё ҳавас қилиб, зиёратга келувчилар сони кўпайди. Бу яхши, албатта, лекин масаланинг иккинчи томони бор.

Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг аксариятига давлат ва хорижий сармоядорлар маблағи сарфланяпти, ишчи ўринлари яратиляпти, тадбиркорлигимизни бажаришга имкон бериляпти. Хўш, биз, самарқандликлар бунга қандай жавоб беряпмиз?

Очиғи, айрим кўчалардан ўтганимда кўчадаги ариқ устига нимадир қуриб олган, сув йўлига ҳовли чиқиндисини бошқариб қўйган, уйининг олдини саранжомлаб қўймаган ҳамшаҳарларимизни кўриб, ҳафсалам пир бўлади. Устига-устак, таъмирлаш учун бирор йўл вақтинча ёпилса, ғийбат қилувчилар пайдо бўлади. Ваҳоланки, нафақат кундузи, ҳатто кечалари ҳам Самарқанд шаҳри жаннатмакон тус оляпти.

Мен академик-шоир Мақсуд Шайхзоданинг қуйидаги тўрт мисраси биз учун бугун ҳаётий шиорга айланмоғи лозим деб ҳисоблайман:

Самарқандлик дейилдими, аҳдга вафо дегани,
Самарқандлик дейилдими, ишлар бажо дегани.
Самарқандлик дейилдими, тоза виждон дегани,
Самарқандлик дейилдими, комил инсон дегани.

Салимжон Хидирназаров,
филология фанлари номзоди, меҳнат фахрийси.