“Самарқанд-Қарши” йўлининг Нуробод тумани ҳудудидаги ЙТҲда онахон мўъжиза туфайли омон қолди. Аммо айбдор аниқланмадими?
Хабарингиз бор, яқинда Самарқанд-Қарши йўлидаги катта трассада ўнлаб машиналар иштирокида автоҳалокат юз берганди. Ушбу автоҳалокатларнинг охирги нуқтасида содир бўлган ҳолат – зарб билан бир автомобилнинг бошқаси остида қолиб кетганлиги кўпчиликнинг юрагида ғулғула уйғотганди. Айнан ўша машина остида қолиб кетган автомобилнинг олдинги ўриндиқларда ўтириб келаётган онахон мўъжиза туфайли омон қолган. Айни пайтда онахон Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида даволанмоқда. Шифокорларнинг айтишларига қараганда, мўъжиза туфайли омон қолган онахоннинг аҳволи жиддий парваришга муҳтож.
- Онамнинг бу мудҳиш ҳодисада омон қолгани учун Яратгандан миннатдорман, - дейди онахоннинг ўғли Жаҳонгир Раҳимов. – Тўғриси, Қашқадарёдан бўлганим учунми, бу ерда кимга мурожаат қилишни билмайроқ турибман. Шу пайтгача мазкур ЙТҲнинг айбдорлари наҳотки, топилмаган бўлса? Шифокорларга раҳмат, онамнинг аҳволини яхшилашга ҳаракат қилишмоқда. Шифохонанинг ўзидан дори-дармон қилишаяпти. Аммо ҳар куни қўшимча бир миллион сўмга яқин дори-дармон ва бошқа харажатларни қиляпман. Аҳволи озроқ яхшилангач, ҳали бир нечта операцияни бошидан ўтказиши керак. Ҳайдовчи йўллар муз бўлса-да, юқори тезликда ҳаракатланган, йўловчи ташиш учун лицензияси бўлмаган эканлигини билдим. Ҳайдовчи, орқа ўриндиқда ўтирганлар енгил тан жароҳатлари олган. Умуман, мазкур ЙТҲда энг оғир ҳолатда жабрланганлардан бири онам. Аммо менга на айбдор ҳақида айтишди, на тегишли ходимлар томонидан онамнинг аҳволи сўралди. Яқинда онам жиддий операцияни бошидан ўтказиши керак. Суяк орасига пластина қўйилиши лозим бўлиб, шунинг ўзига қарийб 1000 АҚШ доллари маблағ керак экан.
- Тошкентдан Қашқадарёга кетаётгандик, - дея гапириб беради Назира Ҳасанова. – Йўллар музлама, атроф туман эди. Ўша ҳалокат юз берган дақиқаларни умуман эслай олмайман. Фақат бир зарб бўлиб, ҳушимдан кетдим. Шифокорларнинг айтишича, бир ҳафтадан сўнг ўзимга келдим. Кўзимни очсам, ҳаммаёғим бинтлаб ташланган. Етти-саккиз жойинг синган, дейишяпти.
Онахонга қаровчи шифокор Назира аянинг аҳволи жуда жиддий эканлигини айтмоқда.
- Онахоннинг аҳволи оғир, бундай ҳолатда тирик қолишнинг ўзи мўъжиза, - дейди шифокор Санжар Саидмуродов. – Биринчи босқич операция жараёнлари ўтди. Эндиликда онахонни иккинчи босқич жарроҳликка тайёрлаяпмиз.
Хуллас, Назира ая оғир аҳволда. Фарзандлари эса наҳотки, айбдор ҳамон аниқлангани йўқми ёки қўшни вилоятдан бўлганимиз учун эътиборсизлик бўлаяптими, деган хавотирда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.