Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган саммит объектларида ишлар қандай ташкил этиляпти?
2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити ўтказилиши белгиланган.
Шу муносабат билан айни пайтда шаҳарда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан шу йилнинг 23 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан фармойиш қабул қилиниб, зарур чора-тадбирлар тасдиқланди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам фармойишлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.
Мазкур ҳужжатлар асосида саммитга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси тузилди. Шунингдек, инфратузилма объектларини барпо этиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бўйича, автомобиль йўлларини таъмирлаш, кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, саммит тадбирларини уюштириш, иштирокчиларни жойлаштириш, транспорт билан таъминлаш, тиббий хизмат, маданий дастурларни шакллантириш ва бошқа йўналишлар бўйича саммит якунига қадар доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди. Ҳар бир ишчи гуруҳнинг вазифалари, амалга оширадиган тадбирлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Самарқанд шаҳар Кўксарой майдони 1-Д бинода жойлашган Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси биносида доимий ишчи гуруҳлар штаби ташкил этилди. Ҳозирда бу ерда ишчи гуруҳларнинг фаолияти мувофиқлаштириб борилмоқда.
- Самарқанд вилоятида ШҲТ саммити йўналишида жойлашган объектларни таъмирлаш ва қайта қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича 109 километр узунликдаги йўналишлар ва 4249 та объект белгиланиб олинган, - дейди доимий ишчи гуруҳлар штаби аъзоси П.Содиқов. - Йўналишлардаги таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари 20 та лотга бўлиниб, ҳар бир лотга республика банклари ҳамда 23 та лойиҳа ташкилотлари бириктирилган. Бундан ташқари, қурилиш вазирлиги томонидан шартнома асосида 20 нафар мутахассислар ишга жалб қилинди. Вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли амалга ошириш учун ҳар бир лотга банк ташкилотлари, лойиҳа институтлари, коммунал хўжалик идоралари ва бошқа соҳалар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан қайта хатлов ўтказилиб, ҳар бир объект бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар шаҳарсозлик кенгашида танқидий кўриб чиқилиб, айрим лойиҳа ташкилотларига тунги ёритиш ускуналарини лойиҳаларга киритиш, фасадларни миллий қиёфага айлантириш тўғрисида тавсиялар берилди. Архитектура шаҳарсозлик кенгашининг жорий йилнинг 2 ва 5 мартдаги баёнлари билан лойиҳалар тасдиқланиб, амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда 20 та лотда жойлашган объектларнинг 301 тасида қурилиш таъмирлаш ишлари якунланган бўлса, 640 тасида давом этмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тегишли 360 та объект (асосан уй-жойлар)да таъмирлаш ишлари учун олиб бориш учун ҳомийлар ва давлат томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳар бир объект бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган.
Автомобиль йўллари, электр, газ, ичимлик суви ҳамда алоқа тармоқларини янгидан қуриш бўйича ҳам тасдиқланган тармоқ жадваллари кунлик назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, айни пайтда Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида барпо этилаётган туристик марказда, Самарқанд шаҳрини ушбу марказ билан боғлайдиган Уста Умар Жўрақулов кўчасида, шаҳардаги Ибн Сино, Рудакий, Бўстонсарой кўчалари ва бошқа объектларда реконструкция, таъмирлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат).